Ички ишлар вазирининг буйруғи билан, полковник Сардор Тоҳирович Мирзараимов Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
У илгари Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи ўринбосари — жиноят қидирув хизмати бошлиғи лавозимида ишлаган.
21 август куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Президент администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги департаменти раҳбари Дониёр Қодиров ва бошқалар иштирокида ўтган тадбирда Сардор Мирзараимов вилоят расмийларига таништирилди.
Сирдарё вилояти ИИБни 2025 йил март ойидан бери Фаррух Ҳайдаров бошқариб келаётган эди. Kun.uz кеча у ишдан олингани ҳақида хабар берганди. Унинг бўшатилиши қўл остидаги ходимга оғир тан жароҳати етказгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Аввалроқ полковник Тимур Исмоилов ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган, шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилган эди.









