А-50 самолёти уриб туширилгани ҳақида аввалига 14 январ куни украиналик, кўп ўтмай россиялик блогерлар ёзиб чиқишди. Кейинги куни эрталаб Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний бу ҳақда расман маълумот берди. Қўмондон русларнинг Ил-22М учоғи ҳам йўқ қилингани ҳақида айтганди, аммо кўп ўтмай самолёт Анапа аэропортига қўнишга муваффақ бўлгани тасвирланган суратлар тарқалди.

Кадрларда Ил-22М учишга имкон бермайдиган даражада зарарланганини кўриш мумкин. Кейинроқ Украина қуролли кучлари расмий вакили Юрий Игнат ҳам самолёт жиддий зарар кўрганига қарамай, учувчилар уни қўндира олганини тасдиқлади.

А-50 ҳалокати ҳақида бир қатор украиналик расмийлар, шунингдек, Россия ҳарбий авиациясига алоқадор одамлар хабар берди. Россия мудофаа вазирлиги ўз йўқотишларини доим ҳам тан олавермайди. Айрим ҳоллардагина бироз вақт ўтгач баъзи йўқотишлар ҳақида хабар берилади. BBC таҳлилига кўра, Ил-22М самолёти зарар кўрган ҳолатда бўлса-да, ерга қўнгани тасвирлари тарқалгани ҳисобга олинса, А-50 чиндан йўқ қилинган деган хулосага келиш мумкин. Агар бу учоқ «омон бўлганида» унинг ҳам сурати қаердадир пайдо бўларди.

Ким отди?

Самолётлардан бири қандай йўқ қилингани ва иккинчисига қандай зарар етказилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Тармоқнинг русча сегментида тарқалган версиялардан бирига кўра, Ил-22М самолёти Қримга ўтадиган Керч кўпригини ҳимоя қилаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўқидан зарар кўрган.

Валерий Залужний эса самолётларга ҳужумни махсус операция деб атади. Бундан учоқлар Украина ҳужумига учраганини билиш мумкин. Шундай бўлса-да, украинлар қўмондони операция қай йўсинда амалга оширилганини айтмаган.

Украина ҚК расмий вакили Юрий Игнатга кўра, асосий нишон А-50 бўлган, Ил-22М эса шунчаки ҳужум остида қолган. Залужний ўз телеграм-каналида бу икки самолётнинг траекториялари акс этган график видео эълон қилди. Унда самолётлар радардан йўқолиб қолганини кўриш мумкин. Графикага кўра, учоқлар Азов денгизи шимоли-ғарбий қисмида, Приморск райони ҳудудида навбатчилик қилаётган бўлган.

А-50 МАКС авиасалонида

Украинларнинг «Суспiльне» нашри эса Ил-22М Херсондаги Стрелкова райони ҳудудида, А-50 Запорижжядаги Кирилловка қишлоғи ҳудудида бўлганини ёзган. Ҳар икки ҳудуд ҳам Қрим кўпригидан 130-140 км, фронт чизиғидан тахминан 160 км узоқликда жойлашган. Россиянинг С-400 типидаги зенит ракета комлекслари бундай масофадаги нишонларни Қрим кўпригидан туриб йўқ қила олади. Аммо россиялик операторлар А-50 каби гигант самолётни ва Ил-22М учоғини украинлар самолёти билан адаштириб юбориши қийин масала. Шундай экан, самолётлар руслар томонидан янглиш ҳужумга учрагани ҳақида хабарларга ишониш қийин.