Айни пайтда Ўзбекистон ва Англиянинг энг совриндор клублари сотилмоқда. «Манчестер Юнайтед» акцияларининг 25 фоиз улушини сэр Жим Рэтклифф сотиб олаётган бўлса, «Пахтакор» акциялари тўлиғича сотувга қўйилди.

Рэтклифф клуб билан учрашувда мақсади молиявий фойда кўриш эмас, клубни яна Европанинг энг кучлиларидан бирига айлантириш эканини айтаётган бўлса, «Пахтакор»ни сотиб оладиган харидор академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак бўлиши айтилмоқда.

Сэр Жим Рэтклифф аллақачон клуб структурасини ўрганиб чиқиб, бир қатор муҳим позицияларга ўз одамларини тайинлашни бошлади, баъзи раҳбарлар ишдан бўшатилди ҳам. «Пахтакор»нинг расмий баёнотига кўра эса, Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб раиси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Фарқлар фақат шу ерда тугамайди. «Манчестер Юнайтед»нинг бозор нархи етти миллиард долларгача чиқиб кетди. Яъни Жим Рэтклифф клуб акцияларининг 25 фоизини сотиб олиш учун 1,3 миллиард фунт пул сарфлагани, шунингдек, клуб инфратузилмасини яхшилаш учун қўшимча 300 миллион фунт инвестиция киритиши айтилмоқда.

«Манчестер Юнайтед» америкалик Глейзерлар оиласига тегишли, яъни хусусий, клубни истаган нархига, истаган шартларда сотиши, хоҳласа умуман сотмаслиги мумкин. Ҳатто «Олд Траффорд»ни бузиб юбориб, сэр Алекс Фергюсон ҳайкалини қисмларга бўлиб сотса ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч ким эътироз қила олмайди. Мухлислар норозилик намойишлари ўтказиши мумкин холос. Албатта, бу норозиликлардан бизнес ҳам ютқазади, шунинг учун Глейзерлар ҳеч қачон бундай қилишмайди, бу бошқа масала.  

«Пахтакор»ни Давлат активлари агентлиги сотаётганидан келиб чиқсак, клуб давлатга тегишли, яъни халқники, жамоа мухлислари ҳам «халқ жамоаси» дейишни яхши кўришади. Аммо «харидор академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак бўлиши» ҳақидаги шартлардан бошқа ҳеч нарса маълум эмас. Эртага бу шартлар бажарилмаса, нима бўлади, давлат «Пахтакор»ни олти йил олдин сотиб, яна қайтиб олганидек бўлиши мумкинми ёки стадион бузилмаслигига мораторий ҳуқуқи қоладими, унда тадбиркор нимани сотиб олмоқда, номаълум.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз телеграм-каналида шу борадаги хавотирларини билдирди.

«Лекин бу ҳозирча. Кейинчалик, эгалик ҳуқуқи расмийлаштириб олингач ва айтайлик, шаҳар четида бошқа стадион қурилгач, талаблар осонгина ўзгартирилишини истисно этиб бўлмайди. Айниқса, клубга асосий даъвогар деб ҳисобланадиган олигархиянинг қарор қабул қилувчиларга таъсири ҳисобга олинса.