Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел Европа Иттифоқи депутатлигига сайланиш учун кенгаш раҳбарлигидан эрта кетишини эълон қилди. Натижада, агар яқин ойларда унинг ўрнига янги номзод топиб тасдиқланмаса, ЕК раиси ваколатлари Венгрия бош вазири Виктор Орбанга ўтади. Чунки 2024 йил июл–декабр ойларида кенгашга раислик навбати Венгрияда бўлади.

“Геосиёсат” бу ҳолатни шарҳлаб бериш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамовни таклиф қилди.

— Европа Иттифоқи Кенгаши раҳбари қандай ваколатларга эга?

Камолиддин Раббимов: — ЕИда муҳим органлар бор. Биринчиси, ЕИга кирувчи барча давлатлар раҳбарларидан иборат Европа Кенгаши. Иккинчиси – ЕИнинг ижро ҳокимияти бўлмиш Еврокомиссия. Учинчиси – Европа парламенти.

Европа кенгаши низомига кўра, ҳар бир аъзо давлат 6 ой давомида бу кенгашга раислик қилади, яъни бир йилда иккита давлат раис бўлади. 2024 йилнинг иккинчи ярмида раислик навбати Венгрияга келади. Раиснинг вазифаси долзарб масалаларда кенгаш мажлисини чақиради, кун тартибини белгилайди, лекин қарор қабул қилиш консенсус асосида, яъни ҳамманинг розилиги билан бўлади.

Жаҳонгир Акрамов: — 2009 йилдаги Лиссабон келишувига кўра, Европа Кенгашининг президенти лавозими жорий этилганди. Бу лавозим эгаси 2,5 йилга сайланади, Шарл Мишел иккинчи марта ҳам сайланганди. Унинг асосий вазифаларидан бири – иттифоқдаги консенсусни, бирдамликни таъминлаш. Шарл Мишелнинг иккинчи раислик муддати 2024 йил ноябр ойида якунланар эди.

Европа Кенгаши йилига камида 2 марта йиғилади, фавқулодда ҳолатларда 4 мартагача йиғилган. Асосий вазифалар – бирликни таъминлаш, Европарламентга ҳисобот бериш, йирик сиёсий қарорлар қабул қилиш бўлади. Мисол учун, Украинага 50 млрд доллар маблағ ажратиш каби таклифларни ҳам беролади. Шу маънода йирик сиёсий ваколатларга эга.

Камолиддин Раббимов: — Шарл Мишел ўз шахсий манфаатларини ЕИ манфаатларидан устун қўйгани учун танқидларга учради. Ваколатидан эртароқ кетиб, Европарламентга сайловларда қатнашмоқчи.

Жаҳонгир Акрамов: — Камолиддин ака айтгандек, у ўзининг сиёсий карьерасини ўйлаб, ваколатини эртароқ тугатди. Унинг партиясида имконият катта бўлиб турибди, ҳатто Европарламент раиси бўлиши эҳтимоли ҳам бор.