Белгород областида Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти қулаши қандай рўй бергани ва унинг оқибатлари ҳалигача аниқ эмас. Ҳалокат 24 январ куни эрталаб рўй берди ва кун охирига келиб икки хил изоҳ берилди — урушнинг ҳар бир томонидан биттадан.
- Россия қўмондонлиги таъкидлашича, самолёт 60 нафардан ортиқ украин ҳарбий асирларини олиб кетаётган бўлган — гўёки уларни Харкив области билан чегарада алмаштириш режалаштирилганди. Россиялик мулозимлар ва ҳарбийларнинг сўзларига кўра, Украина самолётнинг йўналиши ва бориш манзили ҳақида олдиндан хабардор қилинган.
- Украина ҚК раҳбарияти ва украин разведкаси самолёт қулашига мамлакат қуролли кучлари алоқадор бўлиши мумкинлигини билвосита ва жуда ноаниқ тарзда тан олган. Шу билан бирга, Киевдагилар Ил-76 парвози миссияси ҳақида огоҳлантирилмаганни айтмоқда ва у ўқ-дориларни ташиган деб ҳисобламоқда. Ва агар бу ҳалокатда украин ҳарбий асирлари ўлим топган бўлса, бунинг учун айб уларни ҳаво орқали чегарага юборган Россия қўмондонлиги зиммасида эканини айтмоқда. «Келишувга кўра, бизнинг ҳимоячиларимизнинг хавфсизлигини Россия томони таъминлаши керак эди. Гап РФнинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш ва давлатимизни халқаро қўллаб-қувватлашни заифлаштириш мақсадидаги режалаштирилган ва қасддан қилинган ҳаракатлари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин», — дейилади Разведка бош бошқармаси хабарида.
24 январ куни кечқурунга келиб мавжуд бўлган фактлар бу версиялардан қайси бири ҳақиқат эканини аниқлашга имкон бермайди. Россия томонининг версиясида айрим номувофиқликлар мавжуд. Бундан ташқари, ҳозирча асосий саволга аниқ жавоб берадиган ҳеч қандай маълумот йўқ: Украина ҚК қўмондонлиги асирлар ҳаво орқали ташилгани ҳақида билганми?
Ҳозиргача нималар аниқ?
- Юкларни ҳам, одамларни ҳам ташишга мўлжалланган Ил-76 самолёти Белгород халқаро аэропортидан тахминан 65 километр масофадаги Яблоново қишлоғи атрофидаги далага тиккасига шўнғиган. Қулаш жойидан тахминан уч ярим километр жанубда маҳаллий аҳоли вакили томонидан олинган ягона видеода самолёт ёнгани ва ҳаводаёқ парчаланганини кўриш мумкин.
- Ҳалокат жойида топилган фюзеляж элементлари ёки аэродинамик сиртларда йирик зарба берувчи восита қолдирган излар бор. Самолёт йирик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан учирилган ракета билан уриб туширилганига шубҳа йўқ.
- Самолёт Белгород аэропортига яқинлашиш схемаларида кўрсатилган йўналиш яқинида қулаган. Ҳалокат жойи ABDON ва ABALU навигация нуқталари орасида жойлашган. Буларнинг иккинчиси — аэродром «айланаси»га кириш нуқтасидир. Яблоново қишлоғи ҳам тахминан навигация нуқталари оралиғида жойлашган. Нуқталар орасидаги парвоз чоғида самолётлар 2,5 минг метрдан «850 метрга ёки ABALU нуқтасидан юқорироққача» пасайиши керак.












