Ўзбекистон | 16:46 / 30.01.2024
3544
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда электрдан ноқонуний фойдаланган фермерга “ёрдам” бермоқчи бўлган ЭТК муҳандиси ушланди

Унга Жиноят кодексининг иккита моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Прокуратура департаменти

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани ҳолати бўйича далолатномани йўқ қилиб беришни ваъда қилган муҳандис ушланган. Бу ҳақда бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳабар бермоқда.

Департаментнинг Сайхунобод туман бўлими ҳамда ДХХнинг Гулистон туман бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Сайхунобод туман электр тармоқлари корхонаси муҳандиси М.С. “П-К.” фермер хўжалигида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани ҳолати бўйича тузилган далолатномани йўқ қилиб бериши эвазига ушбу фермер хўжалиги раҳбарининг укасидан 400 доллар ва 1 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, прокуратура департаменти ва ДХХ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларда Янгийўлда 12 млн эвазига далолатномани, Самарқанд туманида 5 млн сўм эвазига қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ЭТК ходимлари ушланганди.

Мавзуга оид