Англия: чемпионлик пойгаси қизимоқда, «Ливерпул» Лондонда таслим этилди

«Арсенал» — «Ливерпул» 3:1
Голлар: Сака (14), Мартинелли (67), Троссар (90+2) — Габриэл (45+3, автогол).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Кивер, 46), Жоржинио, Эдегор, Райс, Ҳавертц, Мартинелли (Троссар, 74), Сака (Нелсон, 79).
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд (Робертсон, 58), ван Дейк, Конате, Гомес (Алкантара, 85), Мак Аллистер, Жонс, Гравенберҳ (Эллиотт, 58), Жота, Диас, Гакпо (Нунес, 58).
Огоҳлантиришлар: Гомес (25), Уайт (31), Конате (55), Габриэл (57), Кивер (69), Нунес (90), Салиба (90+1), Райс (90+4), Ҳавертц (90+5). 
Четлатиш: Конате (88).

Сўнгги ҳафталарда АПЛ пешқадами бўлиб турган «Ливерпул» «Арсенал»га қарши йил ўйини олдидан таркиб борасида муаммоларга дуч келганди. Мерсисайдликлар штаби ҳамон Салоҳ, Собослаи ва Робертсоннинг соғайишини кутмоқда, ўтган турда Нунес ҳам кичик жароҳат олганди. Бундан ташқари, ўйин арафасида фожиа рўй берди — «Ливерпул»нинг янги юлдузи, «Челси»га қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси Конор Брэдлининг отаси вафот этди ва у ўйин қайдномасига киритилмади. Клопп ўнг қанотда яна Александер-Арнолдни туширди.

«Арсенал»да эса асосан битта жиддий йўқотиш бор эди — Габриэл Жезус жароҳатланган. Лекин Артета марказий форвард ўрнида Нкетиа ёки Троссарни эмас, Ҳаверцни туширди. «Канонирлар» устози майдон маркази учун танлови билан рақибларни ҳайрон қолдира олди — Жоржинио анчадан буён «Арсенал»нинг бошланғич таркибига кирмай қўйган, аммо шундай муҳим ўйинда Райс билан биргаликда иккинчи таянч яримҳимоячи позициясида тушди.

Артетанинг барча режалари иш берди. Бу учрашувга суперпрессинг қилувчи икки энг яхши жамоа тўқнашуви сифатида қараш ҳам мумкин эди. Ва «Арсенал» «Ливерпул»га нисбатан яхшироқ тайёрлангани маълум бўлди: Ҳаверц ва Эдегор мунтазам равишда прессингнинг биринчи чизиғида жойлашиб, рақибларни амалда дарвозабон ҳудудида қарши олишди. Шу туфайли меҳмонларда ҳимоядан чиқишда муаммолар юзага келди.

«Арсенал» биринчи бўлимда яққол устунликка эришди. Қарши ҳужумда Ҳаверц яккама-якка вазиятга чиқиб борди, дарвозабон зарбани қайтарди, аммо тўп Сакага келиб тушди ва ҳисоб очилди. Англиялик футболчи бу вазиятда офсайд қопқонига тушиб қолиши ҳам мумкин эди ва меҳмонлар ҳакамдан вазиятни кўриб чиқишни талаб қилишди, аммо VAR Сака барибир тўғри ҳолатда бўлгани ва АПЛдаги саккизинчи голини қоидаларга мос ҳолда урганини қайд этди.