Аграр давлатдан катта тезликда саноатлашувга эришган, электр қуввати бўйича АҚШни ортда қолдириб дунё етакчисига айланган Хитойнинг муваффақият тарихи – бу ўлканинг бир нечта шаҳарларида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири нигоҳида. Хитойда электр энергияси нархи қанча, у ерда ҳам свет ўчадими? Репортажда шу каби саволларга ҳам жавоб топасиз.

Қишлоқ хўжалигидан саноатга...

Ўзининг узоқ тарихи давомида анъанавий равишда қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлган Хитой 1950 йилдан бошлаб оғир саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор бера бошлади. Мамлакатда ижтимоий тажрибалар бир қатор муваффақиятсизликларни юзага келтирган бўлса-да, шунга яраша ривожланиш ҳам юқори суръатда ўсиб борди.

1976 йилдан бошлаб мамлакатда фаол иқтисодий ўсиш бошланди. Савдо-сотиқ, борди-келди авж олаётган денгизга туташ порт ҳудудлар, кескин ошиб бораётган аҳоли сони, шаҳарларнинг саноатлашиши, қишлоқ жойларини жадал электрлаштириш ва ўрта синф ҳаётининг фаровонлашуви ҳам янада кўпроқ электр энергияси истеъмоли, дегани эди.

Кейинги 20-25 йилларда Хитойда нисбатан паст энергия истеъмоли мавжуд бўлиб, у асосан ички ресурслар ҳисобидан, яъни кўмир билан ёқиладиган иссиқлик электр станциялари ҳисобига қондириларди.

Ривожланиш йўлини мақсад қилган Хитой уни келажакда кутаётган электр эҳтиёжларига тайёр туриши керак эди. 1995-2005 йиллар орасида энергия қуввати 66 GWдан 622 GW, яъни 10 бараварга ошди.

Бу орада бошқа муқобил энергия манбалари сифатида кўмирга қўшимча гидроэнергетика ва атом энергиясидан фойдаланиш ортидан мамлакатда ишлаб чиқарилган қувват 2008 йилда 797 GWни, 2010 йил охириг а келиб эса 950 GWни ташкил этди.

Айтиш жоизки, Хитой ядро дастури ўтган асрнинг 50-йилларида ҳарбий мақсадларда ишга туширилган. 1964 йилда биринчи ядровий қурол синовлари бўлиб ўтгач, 1970 йилда Шанхайда Ядро муҳандислиги илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти ташкил этилди. Ушбу воқеа Хитойда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг бошланғич нуқтаси бўлди ва биринчи атом электр станцияси 1985-1991 йилларда Циншанда қурилди.