Kun.uz мухбири мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва уларга малака тоифасини бериш тизимининг ҳозирги ҳолати ҳақидаги саволлар билан таълим бўйича мутахассис, педагог Шокир Турсун билан суҳбатлашди.
— Шокир ака, дастлаб суҳбатни умумий саволдан бошламоқчиман. Таълимда педагогнинг энг асосий вазифаси нимадан иборат ва бу жараёнда унинг малакаси қанчалик муҳим ва ўқитувчи қандай малакага эга бўлиши керак?
— Ҳар қандай касбда биринчи ўринда лаёқат бўлиши керак деб ўйлайман. Касбий лаёқат 4 босқичли бўлади, ҳар қандай касб эгаси шу тўрталасидан бирига киради. Биринчиси, онгсиз лаёқатсизлик дейилади, бундай одам ўз касбига тегишли бўлган нарсалар ичидан нималарни билмаслигини билмайди, булар янгилик қабул қилмайдиган консерватив одамлар бўлишади. Иккинчиси, онгли лаёқатсизлик, бундайлар нимани қилолмаслигини, билмаслигини билади, бундай одам янгиликларга очилади, камчиликни тўлдиришга ҳаракат қилади. Учинчиси, онгли лаёқатлилик бўлади, бундай одамлар ўзининг нима қилаётганини, нимани қилишини яхши билади. Тўртинчиси, онгсиз лаёқатлилик, булар ҳамма нарсани тўғри қилади, лекин нима учун шу тўғри эканини билмайди, асослаб беролмайди. Энг хавфлиси биринчи ва тўртинчисидир. Энг яхшиси эса учинчи босқич. Ўқитувчиликда ҳам уларнинг қайси босқичда эканини аниқлаб, имкон қадар биринчи ва тўртинчи босқичдагиларни камайтириш керак бўлади.
Педагог ким? Менимча, ўқитувчи соҳаси бўйича ўзигача бўлган ҳамма билимларни ўқувчиларга проекция қилиб берадиган, уларнинг дунёқараши, хулқ-атвори шаклланишида 30 фоиз ҳисса қўшадиган шахс. Ўқитувчи билимларни проекция қилиб беради, токи ўқувчиларда кейинги билимларга асос пайдо бўлсин. Ўқитувчининг гаплари, юриш-туриши ўқувчи хулқи шаклланишида рол ўйнайди, айниқса бошланғич синфларда.
Дейлик, мен сентябрда янги синфга кириб, диктаторга ўхшаб қоидалар ўрнатадиган бўлсам, ўқувчи хулқига раҳбар ҳақ, итоат қилиш керак, деган нарсани сингдириб қўйиши мумкин. Лекин бошқача тарзда қилиш мумкин. Кириб туриб, 3 та қоидамиз бўлади: ўқитувчи амал қиладиган, ўқувчилар амал қиладиган ва қоида бузилгандаги жазо қўллаш, деган нарсани тушунтириб, муҳокама қилиб, болалар билан синф кодекси тайёрлаб хонага илиб қўйсак, ўқувчи ўзини жамиятда тенг ҳуқуқли инсон сифатида кўради, масъулиятли ҳам бўлади.
Масалан, мен она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлсам, 45 дақиқалик дарсим билим бермаслиги мумкин, лекин боланинг дунёқараши шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Биз жамоавий ўйинларда ғалаба қилолмаслигимиз негизини таълимда деб биламан. Таълимда кўпроқ индивидуал ишланади. Жамоавий ишлашга эътибор берсак, шунда бир-бирини тўлдиришни, жамоавийликни ўрганади.















