Ўзбекистон | 09:20 / 21.02.2024
30664
2 дақиқада ўқилади

Блогер Аброр Абдуазимов озодликка чиқди

Kun.uz манбасига кўра, блогерга тайинланган 15 сутка қамоқ жазоси тафтиш тартибида қайта кўрилиб, тайинланган жазо ўзгартирилган ва у озодликка чиқарилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, унга тайинланган 15 сутка қамоқ жазоси тафтиш тартибида қайта кўрилиб, тайинланган жазо ўзгартирилган ва у озодликка чиқарилган.

Аброр Абдуазимов 6 феврал куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори билан маъмурий иш доирасида қамоққа олинган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- ва 195-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилганди.

Иш тафсилотига кўра, Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаев 2024 йил 6 феврал куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Ўрда» МФЙ ҳудудида жойлашган Шайхонтоҳур туман ҳокимлигида бақир-чақир қилиб жанжал кўтаришган. Улар ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида келган ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаган, уларга оммавий равишда бўйсунмасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ИИО ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган.

Суд қарори билан Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасининг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганда айбли деб топилиб, уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланганди.

Мавзуга оид