Ўзбекистон | 15:01 / 21.02.2024
33242
3 дақиқада ўқилади

 “Яхши ниятда мисқоллаб йиғган пулимизни қайтаришсин” – Panorama Airways иши “йириклашадиган” кўринади

Транспорт прокуратураси Туризм қўмитасидан туризм фаолияти билан шуғулланувчи 39 та турфирма фаолиятини тўхтатиб туришни сўради. Улар Panorama Airways хусусий авиакомпанияси билан ҳамкорлик қилган. Kun.uzʼга келиб тушган мурожаатда мингдан ошиқ фуқаролар ушбу авиакомпания билан Умра зиёрати йўналишида ҳамкорлик қилган турфирмаларга тўловни амалга ошириб, хизматдан фойдаланиб улгурмагани айтилмоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

Panorama Airways иши доирасида 39 та турфирмага жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Транспорт прокуратурасининг Туризм қўмитасига ёзган хатида қайд этилган.

Ҳужжатда келтирилишича, Транспорт прокуратурасининг Туризм қўмитасидан туризм фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи 40 га яқин турфирмаларининг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришни сўраган. Бунга сабаб сифатида ушбу турфирмаларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.

“Жиноят иш ҳужжатларига кўра, “Panorama Airways” МЧЖ ва юқорида қайд этилган туризм фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи бир нечта тадбиркорлик субъектлари Умра тадбирлари учун 3 931 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жуда кўп миқдордаги пулларини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиб, уларни Саудия Арабистондан Ўзбекистонга қайтармаган”, дейилади Транспорт прокуратураси хатида.

Бугунга келиб ишнинг иккинчи муаммоли томони борлиги ҳам ойдинлашди: “Gulbakhor Airways” МЧЖга пул тўлаб, шартнома қилган фуқаролар пулини қайтариб ололмаяпти.

Kun.uz’га мурожаат қилган фуқароларга кўра, жабрланганларнинг кўп қисми “Gulbakhor Airways” МЧЖ билан шартнома тузиб, пул тўлаган. Аммо бугунги кунгача на Умра сафарига юборилган, на пуллари қайтариб берилган.

“Биз 4 киши Умра сафарига бориш учун 2024 йил 11 январда “Gulbakhor Airways” МЧЖ билан шартнома туздик. 24 январ куни сафарга чиқишимиз керак эди, аммо бундай бўлмади. 22 январ куни МЧЖ офисига бордик. У ерда бизга 26 январда учасизлар дейилди. Лекин яна учмадик. Қўнғироқ қилсак, самолёт бузилган, энди 1 феврал куни учасизлар дейишди. Яна бўлмади. Кейин 4 февралда, 7 февралда учасизлар деган жавобларни эшитдик. Ишончимиз қолмагани сабабли пулимизни қайтариб олмоқчи эдик, беришмади. Яхши ниятда “Gulbakhor Airways” МЧЖга пул тўлаб, шу ёшимизда сарсон бўлиб юрибмиз. Яхши ниятда мисқоллаб йиғган пулимизни қайтаришсин ёки Умра сафарига юборишсин”, дейди мурожаатчилардан бири.

Мурожаатчиларга кўра, “Gulbakhor Airways” МЧЖ саноқли фуқароларгагина пулини қайтариб берган. Шундан сўнг МЧЖ офиси ёпилиб, иш 15 феврал куни тикланиши ҳақида эълон ёпиштириб қўйилган. Бироқ ҳалигача офис очилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Умра зиёратига борган бир неча минг ўзбекистонлик Panorama Airways рейслари кечиккани сабабли Арабистонда бир неча кун қолиб кетганди. Серияли муаммоларга дуч келган авиакомпания бошқарув ходимларини янгилаб, 2-4 феврал кунлари 3 мингдан ортиқ йўловчини уйига қайтарган.

Умра сафари билан боғлиқ ушбу муаммо ортидан Panorama Airways хусусий авиакомпаниясининг мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилган ҳамда 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.  

Мавзуга оид