Жаҳон | 14:32 / 21.02.2024
3386
1 дақиқада ўқилади

ЕИ Россияга қарши санкцияларни узайтирди

Европа Иттифоқи кенгаши резолюциясида айтилишича, Россия Украинада халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда куч ишлатишда давом этар экан, Россияга қарши санкцияларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир. Уруш олиб борганлик учун санкциялар 2025 йил 24 февралгача узайтирилди.

Фото: РИА Новости / Владимир Сергеев

Европа Иттифоқи кенгаши Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни узайтирди. Бир кун олдин қабул қилинган ва 20 феврал, сешанба куни Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилган резолюцияда чеклов чоралари 2025 йил 24 февралгача узайтирилгани айтилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, Россия куч ишлатишга тақиқни бузишда давом этар экан, шу билан халқаро ҳуқуқни жиддий бузяпти. Бунда, Европа Иттифоқи томонидан шу кунгача киритилган «барча чораларни кучда сақлаш мақсадга мувофиқ» ва зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўриш лозим.

Евроиттифоқнинг Россия Федерациясига қарши санкциялари тўплами Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми арафасида – 2022 йил 23 февралда Москва Донбассдаги сепаратистик тузилмалар «мустақиллигини» тан олгани учун қабул қилинган эди.

Санкциялар 2022 йил 6 октябрда - Россиянинг Украинанинг Донецк, Херсон, Луҳанск ва Запорижжя вилоятлари ҳудудларини аннексия қилгани ҳақидаги эълонига жавобан кенгайтирилди.

Мавзуга оид