12:29 / 22.02.2024
20220

Ўзбекистонда метан заправкаларга киритилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташланмоқда

Бу маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар 22 февралдан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

17 феврал куни Бухоро вилоятидаги «Л-Газли-1» ва «Л-Газли-2» юқори кучланишли электр узатиш тармоқларидаги носозлик ортидан газ компрессорларида юзага келган муаммолар 21 феврал куни соат 15:10 да тўлиқ бартараф этилган.

Натижада, газ қувурларида газ айланиши бироз мувозанатлашиб, энергоблокларга газ етказиб беришда тўсиқлар камайган. Энергоблокларда икки кундан буён режадан кўпроқ ток ишлаб чиқиш кузатилмоқда.

Вазирлик матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевнинг айтишича, метан заправкалар билан боғлиқ вазият ҳақида кун давомида маҳаллий ҳокимликлар ахборот ресурсларида, шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва Энергетика вазирлигининг расмий ахборот манбалари орқали хабар қилиб борилади.

Маълум қилинишича, 21 феврал куни мамлакатдаги 407 та метан заправка орқали ижтимоий соҳалар — тиббиёт муассасалари, жамоат транспортлари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 2 млн 607 минг кубометр табиий газ етказиб берилган.

«Автобензин ва дизел ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 21 феврал куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 501 тонна автобензин етказиб берилган. Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун қўйилган 9 минг 110 тонна автобензиннинг 4 минг 276 тоннаси, 2 минг 100 тонна дизель ёнилғисининг эса 1 минг 308 тоннаси сотилган», дейилади хабарда.

Метан заправкалар фаолятига чеклов газ босимнинг камайганини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида 18 феврал куни киритилганди.

Top