Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Гулистон шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси тайёр овқат маҳсулотига ижобий санитария хулосаси олиб беришни ваъда қилиб, 300 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса туман санитария бўлими санитар врачи якка тартибдаги тадбиркорнинг нон ишлаб чиқариш цехи учун санитария-гигиена хулосасини расмийлаштириб бериш эвазига 9 миллион сўм талаб қилиб, келишилган маблағнинг 400 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинди. Текширувда унинг аввал ҳам 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.

Хоразм вилоятида Урганч шаҳар санитария бўлими ходими умумий овқатланиш шохобчасини очиш учун рухсатнома расмийлаштириш ва олти ой давомида жарима қўлланмаслигини ваъда қилиб, фуқародан 2,4 миллион сўм олган вақтида ушланди.

Наманган вилоятида эса шаҳар санитария бўлими шифокор ёрдамчиси фуқарога нодавлат мактабгача таълим муассасасини очиш учун ижобий хулоса олиб бериш эвазига 1,2 миллион сўм олган вақтида қўлга тушди. Маълум қилинишича, мазкур шахс муқаддам судланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 25, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.