29 феврал тонгида Ғазо секторида инсонпарварлик ёрдами учун навбатда турганлардан юздан ортиқ киши ҳалок бўлди. Фаластин томони версиясига кўра, бу исроиллик ҳарбийлар оломонни ўққа тутиши оқибатида рўй берган. ЦАҲАЛ вакиллари қурбонларнинг аксари отишма билан эмас, тиқилинч билан боғлиқлигини билдирган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрталабки соат 4:30 атрофида, Ғазодаги Ан-Наблуси туманига инсонпарварлик ёрдамлари ортилган 30 га яқин юк машинаси кириб келган маҳалда рўй берган. Улар сектор жанубидан шимол томон ҳаракатланган. Гувоҳларга кўра, одамлар озиқ-овқат олиш умидида машиналарни ўраб олганида исроилликларнинг танклари ва дронлар уларга ўт очган. «Ал-Жазира» мухбири воқеа жойидан хабар қилишича, ўт очилиши ортидан танклар йиғилганлар устига юра бошлаган.

ҲАМАС ҳаракатига бўйсунувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, отишма оқибатида камида 112 киши ҳалок бўлиб, яна 760 киши яраланган. «Ал-Жазира» хабарига кўра, қурбонлар сони ортиши мумкин, чунки яқин атрофдаги шифохоналар ёнилғи ва дори-дармон етишмаслиги туфайли оғир аҳволдаги ярадорларга керакли ёрдамни кўрсата олмайди.

Исроил ҳодиса фактини тасдиқлаган, аммо ҳарбийлар оломонни қасддан ўққа тутганини инкор этган. ЦАҲАЛ версиясига кўра, юк машиналари Исроилдаги назорат-ўтказиш пунктидан Ғазога ўтганида, уларни талончилик мақсадидаги юзлаб одамлар қуршаб ола бошлаган. Бу эса тиқилинчга олиб келган ва одамлар ҳалокатининг асосий сабаби шу бўлган. Улардан айримларини ваҳимага тушган ва олдинга юришга ҳаракат қилган ҳайдовчилар босиб кетган.

Ҳарбийлар дрон орқали олинган видеони намойиш этган, унда юзлаб одамлар инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари атрофида тўпланганини кўриш мумкин; кадрларда автомобиллар тўғридан тўғри одамлар устига юради.