Суҳбат чоғида Ўзбекистон президентининг январь ойида ОИИБ бош қароргоҳига ташрифидан сўнг сезиларли даражада фаоллашган ОИИБ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш динамикаси қайд этилган.

Ташриф якунлари бўйича 2024—2026 йилларда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасида умумий қиймати 2,5 млрд долларлик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда ОИИБ бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишини 2024 йил 25—26 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги меморандум имзоланган.

Томонлар лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, 2024—2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурига киритилган энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти соҳаларида янги ташаббусларни биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш истиқболларини кўриб чиқди.