Норвегия мактабларда планшетлардан фойдаланиш бўйича ўз сиёсатини бутунлай ўзгартира бошлади. Олиб борилган 10 йиллик кузатувлар ва халқаро тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, болаларга эрта ёшдан рақамли қурилмалар берилиши уларнинг ўқиш ва матнни тушуниш қобилиятларини кескин пасайтириб юборади.

Муваффақиятсиз эксперимент

2016 йилда Норвегия таълим тизимида инқилобий қадам ташланади. Мамлакатнинг катта қисмидаги мактабларда 5 ёшли бошланғич синф ўқувчиларига бепул iPad ва ноутбуклар тарқатилади. Синфхоналардан анъанавий дафтар ва китоблар деярли бутунлай сиқиб чиқарилиб, таълим 100 фоиз рақамли форматга ўтказилди. Бироқ, орадан 8-10 йил ўтиб, бу сиёсатнинг натижаси кутилганининг мутлақо тескариси эффектини беради.

Ўқувчиларнинг матнни ўқиш ва тушуниш қобилиятини баҳоловчи PIRLS (Progress in International Reading Literacy Study) тадқиқотларига кўра, норвегиялик болаларнинг кўрсаткичлари кескин тушиб кетган. 2016 йилдан (рақамлаштириш бошланган даврдан) буён Норвегия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОECD) мамлакатлари ичида ўқиш саводхонлиги энг тез ёмонлашаётган давлатга айланган.

Норвегия таълим вазирлиги ва тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, ҳозирда бошланғич мактабни тугатаётган 15 мингдан ортиқ ўқувчи ҳатто бир нечта гапдан иборат оддий матнларни ҳам охиригача ўқий олмайди ва ундаги асосий мазмунни тушунтириб беришга қийналади. Мамлакат миқёсида олинганда эса 500 мингга яқин одам (аҳолининг қарийб 10 фоизи) кундалик ҳаётда керак бўладиган оддий матнли маълумотларни масалан, йўриқномалар, расмий хатлар, янгиликларни ўқиш ва англашда жиддий қийинчиликларга дуч келяпти.

Норвегиялик ўқувчилар ўртасида ўтказилган сўровномаларда "Китоб ўқишни яхши кўраман" деб жавоб берган болалар фоизи дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Экранлар болаларда китобхонлик маданиятини бутунлай йўқ қилган.

Мутахассислар нима дейди?

Тадқиқптчиларнинг таъкидлашича, планшетлар болаларда матнни диққат билан ўқиш эмас, балки бармоқ билан тезликда “скролл” қилиб (варақлаб) ўтиш кўникмасини шакллантирди. Бунинг оқибатида ўқувчилар узун матнларни ўқишда диққатини 1-2 дақиқадан ортиқ бир жойга жамлай олмайдиган бўлиб қолди. Мураккаб сюжетлар ва мантиқий занжирларни эслаб қолиш қобилияти кескин заифлашади.

Болалар бошланғич синфдан бошлаб фақат клавиатурада ёзишга ўргангани сабабли, уларда қўл моторикаси ривожланмай қолган. Кўпчилик ўқувчилар оддий қалам ёки ручкани қўлда тўғри ушлашни билмайди, уларнинг қўлда ёзган ёзувларини эса ўқиб бўлмайдиган даражага келган.