Нуфузли америкалик сенаторнинг фикрича, Исроил ва АҚШнинг қачонлардир барқарор ва дўстона бўлган иттифоқида хавфли ёриқлар пайдо бўлмоқда.
«Демократик мамлакат сифатида Исроил ўз етакчиларини танлаш ҳуқуқига эга, — деган Шумер, — ва биз соққалар қандай тепилган бўлса шундай тушишига йўл қўйишимиз керак».
Чак Шумер Нетаняҳунинг Ғазодаги урушга ёндашувини кескин танқид остига олиб, уни «тинчлик йўлига тўсиқ» деб атаган.
У Нетаняҳу Ғазодаги тинч аҳоли ўртасидаги қурбонларга панжа орасидан қарагани, бу эса Исроилнинг дунёда дастакланиш даражасини тарихий паст даражага туширишини таъкидлаган. Исроил агар эътибордан қолса, яшаб қололмайди, деган Чак Шумер.
«Нетаняҳунинг коалицияси 7 октябрдан кейин Исроилнинг талабларига ортиқ жавоб бера олмайди. Дунё тубдан ўзгарди, Исроил халқи эса мияси ўтмишда қотиб қолган ҳукмрон коалиция томонидан эзилмоқда», — деган сенатор.
Шумерга кўра, можарони ҳал қилишнинг ягона усули иккита давлат ташкил қилиш.
«Исроил билан ёнма-ён, хавфсиз, гуллаб-яшнаб ва тенг шароитларда яшовчи қуролсизлантирилган Фаластин давлати бўлиши керак», — деган Шумер. Сенаторнинг қайд этишича, Нетаняҳу Фаластин давлатчилиги ғоясини рад этиб, Исроилнинг ҳам келажагини хавф остида қолдирмоқда.
«Исроилнинг келажаги борасида янги муҳокамаларни бошлаш лозим, — дея қўшимча қилган у. – Менинг фикримча, бунинг энг яхши йўли янги сайловлар ўтказишдир».
Исроилдаги кейинги умуммиллий сайловлар 2026 йил октябрига мўлжалланган.
«Исроил — банан республикаси эмас»
Шумер - Америка ҳукмрон элитасидаги энг мартабали этник яҳудий ҳисобланади.
Унинг Нетаняҳу издан чиқиб кетгани ҳақидаги очиқ баёноти Ғазо секторидаги вазият бўйича Исроил раҳбариятини тўғридан тўғри танқид қилишдан қочишга ҳаракат қилаётган бошқа америкалик сиёсатчилар риторикасидан кескин фарқланади.
Шумер Сенатдаги 25 йиллик фаолияти мобайнида Исроил сиёсатини қўллаб-қувватлаб келган. Аммо Исроилнинг Ғазодаги амалиёти кўп сонли қурбонларга олиб келиши, унинг фикрича, Исроилни назардан қолиш хавфини юзага келтирди, чунки бош вазир Бинямин Нетаняҳу «ўзининг сиёсий тириклигини мамлакат манфаатларидан устун қўйди».
Шумернинг сўзларига кўра, Исроил раҳбарияти Ғазодаги тинч аҳолини яхшироқ ҳимоя қилиш чораларини кўриш орқали ўз йўналишини имкон қадар тезроқ тўғрилаши керак.

















