Жаҳон | 15:04 / 16.03.2024
9065
2 дақиқада ўқилади

Украина алмашув пайтида 100 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасадини қайтарди

Украина 100 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасадини қайтарди, 69 нафари Россияга топширилди. Украиналик ҳимоячиларнинг жасадлари шахси аниқлангач, дафн қилиш учун уларнинг оилаларига топширилади. 

Фото: AP

Украина Россия билан навбатдаги алмашинув чоғида ҳалок бўлган 100 нафар ҳимоячининг жасадларини қайтарди, деб хабар берди Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб 15 март, жума куни. 

Хабарда айтилишича, жасадларни қайтариш штабнинг СБУ ҳузуридаги Бирлашган марказ, Украина Ички ишлар вазирлиги, Украина Қуролли Кучлари, Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ва бошқа тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлиги туфайли амалга оширилган. Алоҳида штаб Халқаро қизил хоч қўмитасига ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. 

«Ҳимоячиларимизнинг жасадлари шахси аниқлангач, муносиб дафн қилиш учун оилаларига топширилади», — дейилади мувофиқлаштириш штаб хабарида. 

Россия Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиевнинг РБК’га айтишича, Россия томони Украинадаги урушда ҳалок бўлган 69 нафар аскарнинг жасадини олиб кетган. 

Аввалроқ Украина ва Россия ўртасида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадлари 16 феврал куни алмаштирилган эди. Ўшанда Киев 58 жасад қайтарилгани ҳақида хабар берган, Россия томони эса, Саралиевнинг сўзларига кўра, 61 жасадни топширган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид