Хўш, Telegram Ўзбекистонда нега машҳур? Telegram-каналларни ривожлантириш нега қийин? Telegram Premium нега Ўзбекистонда тез суръатда оммалашмаяпти? Telegram бўйича ўн йиллик иш тажрибасига эга эксперт, «Social active» компанияси бош директори Темур Бакиев Kiro Altman билан суҳбатда шундай саволларга жавоб қайтарди.

Нега Telegram Ўзбекистонда энг оммабоп мессенжер?

Telegram илк бор 2013 йилда ишга туширилган бўлса, у Ўзбекистонда 2015 йилдан оммалаша бошлади. Унда матндан ташқари, жуда катта ҳажмдаги видео ва аудиоларни юбориш мумкин эди ва бу фойдаланувчиларни ўзига тез жалб этди.

Кўп ўтмай Telegram'нинг ўзбек сегментида гуруҳлар ташкил этиш ва каналлар очиш авж олади. Сўнг уларда реклама жойлаштириш ёки ўз хизматлари ва маҳсулотлари ҳақида маълумот бериб пул ишлаш бошланади.

Шу тариқа, бир неча йилда Telegram бутун Ўзбекистонни қамраб олди ва мамлакатдаги асосий мессенжерга айланди. Энг қизиғи, Telegram билан расмий шартнома тузиб ҳамкорлик қила бошлаган 4 та компаниянинг барчаси Ўзбекистонда очилган эди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Telegram'дан фойдаланувчилар сони 25 миллион атрофида экани айтилади. Бошқа ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар бу борада Telegram билан мутлақо рақобатлаша олмайди.

2023 йил бошларида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 120 мингдан ошиқ Telegram-канал, 18 мингта турли гуруҳлар ва чатлар мавжуд эди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон Россиядан кейинги 2-ўринни эгаллайди (Россияда Telegram тақиқланган пайтларда 1-ўринда бўлган).

Ўзбекистонда очилган Telegram-каналларнинг умумий аудиторияси қарийб 800 миллионга етади. Шунингдек, мамлакатда аъзолари сони 1 миллион кишидан ошган Telegram-каналлар ҳам бор (Kun.uz биринчи бўлиб шундай кўрсаткичга эришганди).

Асосий хабарлар манбааси

Ўзбекистонда турли хабарларнинг биринчи манбаси Telegram ҳисобланади. Яъни мамлакатнинг турли ҳудудларида содир бўлган воқеа ва ҳодисалар дастлаб Telegram орқали узатилади ва ундаги каналларда, гуруҳ ва чатларда тарқатилади. Сўнг бошқа платформалар Telegram'дан олиб беришади.

Ўзи тарихга назар ташланса, бир пайтлар асосий хабарлар газета орқали тарқаларди. Сўнг телевидение ривожланди ва хабарлар улар орқали тарқала бошлайди.

Интернет ривожланиб, смартфонлар мукаммаллашгач, одамлар маълумотларни газета ва телевидениедан кўра кўпроқ смартфонлардан олишяпти. Ўзбекистонда эса смартфон орқалувчи маълумот тарқатувчи энг оммабоп илова – бу Telegram.