Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил президенти ЦАҲАЛнинг WCK гуманитар колоннасига берган зарбаси учун узр сўради
Ицхак Герцог World Central Kitchen асосчисига ташкилоти ходимлари ЦАҲАЛ зарбаси оқибатида фожиали ҳалок бўлганидан сўнг ҳамдардлик билдирди.
Исроил президенти Ицхак Герцог 2 апрел, сешанба куни World Central Kitchen (WCK) хайрия ташкилоти асосчиси Хосе Андресга қўнғироқ қилиб, Исроил мудофаа кучларининг қасддан бўлмаган ҳужуми натижасида WCK етти нафар ходими фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. ЦАҲАЛ Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам карвонига зарба берган.
Андрес билан телефон орқали суҳбатда Герцог «ўзининг чуқур қайғусини билдирди ва фожиали йўқотиш учун чин дилдан кечирим сўради», деб хабар берди Исроил президенти идораси матбуот хизмати. Ицхак Герцог воқеа атрофлича ўрганилишига ваъда берди. X микроблогида эълон қилинган баёнотда Исроил давлати раҳбари Андресга хайрия ташкилоти исроилликлар ва фаластинликларга кўрсатган ёрдами учун ҳам миннатдорчилик билдирди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз видеомурожаатида исроиллик ҳарбийларнинг Ғазо секторида бегуноҳ одамларга «беихтиёр» зарба берганини «фожиали воқеа» деб атади. «Бу уруш пайтида содир бўлди. Биз буни диққат билан ўрганмоқдамиз, ҳалок бўлган хорижликлар ҳукумати билан алоқадамиз ва бу яна такрорланмаслиги учун ҳамма нарсани қиламиз», - деди Нетаняҳу.
WCK маълумотларига кўра, ЦАҲАЛ қўшинлари Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балахдан жанубда уларнинг карвонига зарба берганида ташкилот етти нафар аъзоси ҳалок бўлган. Автомобиллар денгиз орқали Ғазо секторига олиб келинган 100 тонналик инсонпарварлик ёрдамини жойига етказгандан сўнг қайтиб кетаётган эди. Шу билан бирга, WCK колонна ҳаракати Исроил ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилганини таъкидлади.
Ҳалок бўлганлар орасида Австралия, Полша ва Британия фуқаролари, шунингдек, АҚШ ва Канада фуқаролигига эга бўлган бир эркак ва бир фаластинлик бор.
WCK ташкилоти ҳақида
World Central Kitchen хайрия ташкилоти АҚШда испаниялик машҳур ошпаз Хосе Андерс томонидан 2010 йилда Ҳаитидаги вайронкор зилзиладан кейин ташкил этилган. Ўшандан бери ташкилот бутун дунё бўйлаб офат ҳудудларидаги одамларни озиқ-овқат билан таъминлаб келмоқда. Исроил армиясига кўра, WCK 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС ҳужумидан кейин Исроилга ёрдам кўрсатган дастлабки нодавлат ташкилотлардан бири бўлган.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
14:15
Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов
09:25
Обама ва Трампнинг Эрон билан келишувлари нимаси билан фарқ қилади?
13:33 / 17.06.2026
«Менсиз Исроил бўлмасди» – Трамп Исроилнинг Ливандаги ҳарбий тактикасини танқид қилди
19:23 / 16.06.2026