16:59 / 09.04.2024
2868

“Бизнесни ривожлантириш банки” Нукусда “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”ни ташкил этди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан  “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури”ни амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Дастур доирасида банк таъсисчилигида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ва Жамғарма таркибида худудларда 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш худудий марказлари” ташкил этилди.

Нукус шаҳрида “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Марказда кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, молиялаштириш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш каби чора-тадбирлар амалга оширилади.

Жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар ва журналистлар Марказда яратилган шарт-шароитлар, лойиҳаларни танлаб олиш ва иштирокчиларни ўқитиш тартиби билан танишдилар.

Жорий этилган янгича тартибга мувофиқ, бизнес лойиҳаларнинг ташаббускорлари “Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари” томонидан танлаб олинади ва улар бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курсларида ўқитилади.

Ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, сертификат олган ташаббускорлар имтиёзли қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланади. Дастур иштирокчилари учун 9 турдаги молиявий инструментлар, 6 та янги кредит ва лизинг маҳсулотлари  ва 12 та йўналишда консультатив қўллаб-қувватлаш хизматлари жорий қилинган.

“Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан электрон платформа – “Бизнес портал” ишга туширилган. Фуқаролар ва тадбиркорлар порталда онлайн ариза бериш орқали Дастурда иштирок этишлари мумкин.

Айни вақтгача Қорақалпоғистон Республикасидаги 1159 та ташаббускор  “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”даги ўқувларда қатнашиб, тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган. Шундан 944 та ташаббускор ўқишни  тугатиб сертификат олди.

694 та кичик  бизнес субъектларига 60 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Банк ахборот хизмати

Мавзуга оид
Top