Тадбиркорлик соҳасидаги менторларни тайёрлашга қаратилган тўрт босқичли дастурнинг бу галги ўқувларига “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 30 нафар ходими ва Қорақалпоғистон Республикасидан 50 нафар ёш тадбиркор жалб қилинди.
Таъкидлаш лозимки, лойиҳа доирасидаги таълим жараёни Япониянинг 12 нафар етакчи экспертлари томонидан олиб борилади. Хусусан, Ямагата университети Тадбиркорлик таълими ва тадқиқот маркази директори, профессор Тадаши Онодера ҳам бевосита машғулотлар олиб бормоқда.

Ушбу лойиҳа 60 соатлик таълим: маърузалар, амалий машғулотлар, жамоавий иш ва онлайн дарсларни ўз ичига олади. Бунда асосий йўналишлар: тадбиркорлик тафаккури, ижтимоий инновациялар, бизнес-моделлар ишлаб чиқиш, ҳудудий муаммоларни ечишдан иборат.

Яна бир аҳамиятли томони, тингловчилар япон экспертлари билан экология, рақамли трансформация (DX), саноат ва инфратузилмани ривожлантириш ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича кейс-стадилар устида бирга ишлаш имконига эга. Олинган билимлар эса Қорақалпоғистондаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган аниқ бизнес-лойиҳа ишлаб чиқиш асосида амалий машғулотлар орқали мустаҳкамланади.

Таълим дастури қуйидагиларни ўз ичига олади:
• Kaizen (кайдзен) — доимий такомиллашув фалсафаси.
• Lean Management — ресурсларни тежаш ва самарали ишлаш усули.
• Ikigai (икигай) — шахсий ва касбий мақсадни топиш, ҳаётий мувозанат.
• Kanban (канбан) — замонавий лойиҳаларни бошқариш тизими.
• Япон компаниялари тажрибаси (Case study) — кичик бизнес орқали ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ечиш намунаси.
• Ижтимоий тадбиркорлик ва “коллектив таъсир” — даромад билан бирга ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал қилиш.
• Digital Transformation (DX) — кичик бизнесни рақамли технологиялар билан ривожлантириш.
• Green Business & Sustainable Agriculture — экологик бизнес-моделлар ва органик қишлоқ хўжалиги.


















