Жаҳон | 09:28 / 11.04.2024
15829
4 дақиқада ўқилади

Ғазода ҲАМАС сиёсий бюроси етакчисининг уч ўғли ҳалок бўлди

Бу Исроил ва ҳаракат ўртасида навбатдаги сулҳ тузиш бўйича музокаралар ўтказилаётган паллага тўғри келди.

Фото: AP

Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаси оқибатида ҲАМАС ҳаракати сиёсий қаноти етакчиси Исмоил Хониянинг уч ўғли  ҳалок бўлди. Исроил мудофаа армияси ушбу маълумотни тасдиқлаган.

Хония Al Jazeera телеканалига телефон орқали берган интервюсида ўғиллари уруш вақтида Ғазо секторида қолгани, чоршанба куни эса Рамазон ҳайити муносабати билан анклав шимолидаги қариндошларини кўриш учун боришганини айтган.

Хониянинг бу баёноти ҲАМАСга алоқадор бўлган ахборот агентликларининг Ғазода унинг уч нафар фарзанди — Ҳазем, Амир ва Муҳаммад Исмоил, шунингдек икки набираси Ғазо шаҳридан ғарбдаги қочқинлар лагерига йўлланган авиазарба қурбони бўлгани ҳақида тарқатган хабарлар ортидан берилди.

ЦАҲАЛ ўлдирилганларнинг барчаси ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти аъзолари бўлганини маълум қилган.

«Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ҲАМАСнинг Ғазо сектори марказий қисмида террорчилик фаолияти билан шуғулланувчи уч жангарисига қарата зарба йўллади, — дейилган исроиллик ҳарбийлар баёнотида. — ЦАҲАЛ уч нафар жангари ҲАМАСнинг сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг фарзандлари эканини тасдиқлайди».

Ижтимоий тармоқларда хиралаштирилиб тарқатилган кадрларда вайроналар орасида ётган жасадлар усти ёпиб қўйилгани акс этган.

Бу уруш даврида Хониянинг оила аъзолари ҳалок бўлиши билан боғлиқ илк ҳолатлар эмас: унинг ўғилларидан бири феврал ойида, укаси ва қариндоши октябрда ўлдирилгани айтилади, ноябрда — бир набираси ҳалок бўлган.

Хония ўз фарзандлари ва набираларини «шаҳидлар» деб атаган ва қариндошларининг ўлдирилиши ҲАМАСнинг ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги позициясини ўзгартирмаслигини таъкидлаган.

«Бизнинг талабларимиз аниқ ва равшан, биз ҳеч қандай ён бермаймиз. Душман агар музокараларнинг авж палласида ва ҳаракатимиз таклифларга ўз жавобини беришидан олдин менинг ўғилларимга ҳужум қилиши бизни позициямизни ўзгартиришга ундайди, деб ўйласа адашади», — деган Хония Al Jazeera телеканалига.

«Менинг ўғилларимнинг қони халқимизнинг бошқа вакиллари қони кабидир», — дея қўшимча қилган у.

ҲАМАС ўт очишни бутунлай тўхтатиш, Исроил қўшинларини тўлиқ олиб кетиш ва уйларини тарк этган фаластинликларни секторнинг шимолий қисмига чекловларсиз қайтариш бўйича дастлабки талабларига содиқ қолмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса Исроил курашни ҲАМАС буткул яксон этилиб, улар томонидан ушлаб турилган исроилликлар озод этилмагунича курашни давом эттиришини айтган.

Аввалроқ Исроил «келгуси амалиётларга тайёргарлик кўриш» учун қўшинларини Ғазонинг жанубий қисмидан олиб кетганини маълум қилганди, аммо ҳамон бутун анклав ҳудудлари бўйлаб алоҳида амалиётлар давом эттирилмоқда.

Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиш тобора қийинлашмоқда

Исмоил Хониянинг ўғиллари ва набираларининг ўлими халқаро воситачилар ўт очишни тўхтатиш бўйича навбатдаги келишувга эришиш учун фаол ҳаракатларни амалга ошираётган даврга тўғри келди. Ҳозирча бу воқеа музокаралар давом этишига қай тариқа таъсир кўрсатишини айтиш қийин.

Аввалроқ Исроил ҳарбий кабинети вазири ва собиқ мудофаа вазири Бени Ганц ҳали якуний ғалабага эришилмаган бўлса-да, ҲАМАС гуруҳи аллақачон ҳарбий мағлубиятга учраганини маълум қилганди.

Ганц шунингдек Исроил ҳукумати Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида амалиёт ўтказиш режасидан воз кечмаганини айтган, айни вақтда сектор аҳолисининг ярмидан ортиқ қисми ушбу шаҳарда яшамоқда.

«ЦАҲАЛ террорчилар яширинган барча жойларга боради», — деган у.

Исмоил Хония 2017 йилда ҲАМАС сиёсий қаноти раҳбари бўлган эди. У Қатар пойтахти Доҳада яшайди.

Мавзуга оид