Қозонда қаровсиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилди
Ҳужжатидаги камчиликни бартараф қилиш мақсадида Россиядан Қозоғистон ҳудудига ўтган ўзбекистонлик аёл тақиқ туфайли ортга қайтолмаган: унинг 12 ёшли қизи ҳамда 9 ёшли ўғли Қозон шаҳрида қаровсиз қолиб кетган. Болалар омбудсманига қилинган мурожаатдан сўнг опа-ука Ўзбекистонга, онаси ёнига қайтарилди.
Россиянинг Қозон шаҳрида қаровсиз қолиб кетган болалар Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, Болалар омбудсманига Наманган вилоятида яшовчи Х.Х.дан мурожаат келиб тушган.
Аёл мурожаатида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўзининг 2012 йилда туғилган қизи, 2015 йилда туғилган ўғли ҳамда турмуш ўртоғи К.Г. билан бирга яшаганини, 2024 йилнинг 12 феврал куни турмуш ўртоғи ўғлини урганлиги сабабли боласи полиция томонидан касалхонага жойлаштирилганини маълум қилган. Полиция хорижда яшашга оид тегишли ҳужжатлар тақдим этилса, болани онага қайтаришини айтган.
Ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш учун Қозоғистон ҳудудига ўтган аёл тақиқ туфайли Россияга қайта кира олмасдан Ўзбекистонга қайтиб келган. Унинг болалари эса Қозон шаҳрида қаровсиз қолиб кетган.
Ҳолат Болалар омбудсмани сўрови асосида Ташқи ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганилган.
Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш натижасида вояга етмаган Ж.Н. ва Н.У. Қозон шаҳридаги 41-сонли ўрта мактабда таълим олганлиги аниқланган. Г.К. мактаб ҳудудида ўғлига нисбатан жисмоний куч ишлатгани сабабли улар 18-сонли болалар шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилган.
Бош консулхона томонидан Қозон шаҳри Вахитов ва Приволжск тумани васийлик органи билан музокаралар олиб борилган. Васийлик органи болаларнинг ота-онаси Россияга киришга имконияти йўқлигини инобатга олган ҳолда уларни Ўзбекистонга юборишга рухсат берган.
ИИВ томонидан 15 апрел куни вояга етмаган Н.У. ва Ж.Н. Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган ва онаси қарамоғига топширилган.
Олдинроқ Россияда онаси қамалиб, ўзлари қаровсиз қолиб кетган опа-сингил Москвадаги элчихонага олиб борилгани ва улар тез кунда Ўзбекистонга жўнатилиши хабар қилинганди.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024