Тошкент металлургия заводидаги давлат улуши профессионал консултантларни жалб қилган ҳолда халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилади. Бу ҳақда “Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида келтирилган.

Қайд этилишича, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли 49,9 фоиз давлат улуши 2025 йилнинг II чораги якунигача оммавий сотувга чиқарилиши лозим.

Бунга масъул этиб тайинланган ишчи гуруҳнинг таркиби қуйидагича: Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Шуҳрат Вафаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев ва Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев.

Тошкент металлургия заводи ҳақида

2017 йил 7 апрелда Ўзбекистон президентининг “Тошкент металлургия заводи қурилиши инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинади.

Дастлаб, лойиҳанинг умумий қиймати 278,2 миллион еврога баҳоланган бўлса, кейинчалик бу миқдор 334,47 млн еврогача оширилади.

Шундан 164,5 миллион евро Россия экспорт-импорт банкининг 10 йилга берилган кредити, 154,7 миллион евро Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, 15,1 миллион евро эса Асакабанк кредити ҳисобланади. Лойиҳанинг ўзини қоплаш муддати 9,3 йил деб кўрсатилади.

Лекин 2020 йил охирида бўлиб ўтган заводнинг очилиш маросимида унинг умумий қиймати 420 миллион долларни ташкил этгани айтилган.

Заводни 49,7 гектар майдонда қуриш лойиҳаси Россиянинг “Метпром” гуруҳи томонидан тайёр ҳолатда топшириш шарти асосида амалга оширилди. Гуруҳ ҳам лойиҳачи, ҳам бош пудратчи бўлган. Завод Италиянинг Danieli компанияси технологияси ва автоматлаштирилган ускуналари билан жиҳозланган. Лойиҳани амалга оширишни SFI Management Group хорижий компанияси бошқариб, қурилиш ва фойдаланишга топширишнинг барча босқичларини тўлиқ назорат қилган.