Глобал ҳамжамият эътирозига қарамай, Нетаняҳу Рафаҳга бостириб киришга уринаркан, АҚШ Исроилга бир қатор қуролларни бермаслик билан таҳдид қилди. Қоҳирада эса муросасиз музокаралар ҳамманинг диққат марказида. Kun.uz “Геосиёсат” лойиҳасида мавзуни сиёсий фанлар номзоди, доцент Улуғбек Ҳасанов билан таҳлил қилди.

Баъзи манбаларда ЦАҲАЛ Рафаҳда ҳарбий амалиёт бошлагани ҳақида хабарлар тарқаляпти, аслида вазият қандай?

— 1977 йилда Мисрнинг Анвар Саодат бошчилигидаги ҳукумати ва Исроил ўртасида музокаралар бўлганди Фаластин масаласи бўйича. Миср ва Рафаҳ ўртасидаги трансчегаравий “Салоҳиддин” чиқиш қисми бор, у 2004 йилда Филаделфия коридори деб аталган, мана шу йўлак гуманитар коридор ҳисобланади. Рафаҳ трансчегаравий чиқиш қисми Фаластин автономияси ва Миср чегара қўшинлари тасарруфига ўтиши 1977 йилдаги музокараларда белгиланган. Бу Кэмп-Дэвид келишуви эмас, ундан олдин бўлган, Кэмп-Дэвид келишуви эса 1978 йилда бўлади.

Бу 20 километрлик коридор жуда муҳим ҳисобланади. Кэмп-Дэвид келишувларида Рафаҳ алоҳида гуманитар ҳудуд сифатида белгиланиб, халқаро статус берилган. Лекин Фаластин автономияси бу трансчегаравий чиқиш йўлини қанчалик мустақил бошқарди, деган савол бор. Охирги 40 йилга қарасак, Исроил ҳар доим мана шу трансчегаравий ҳудудга ўз манфаатларини киритишга уринган.

Бугунги ҳолат — Исроил учун қулай вазият. 8 октябрдан бошлаб Исроил томонидан Ҳамаснинг Мисрга чиқиб кетиши олдини олиш баҳонасида Рафаҳдаги трансчегаравий ҳудудга нисбатан хуружлар бошланган.

Исроил ҳеч қачон бу ғоясидан қайтмайди, яъни ҳудудни Исроил чегара қўшинлари назоратига олишдан. Музокараларда ҳам бу масала қўйилади. Исроил шу орқали Ғазони тўлиқ қамал қилмоқчи. Рафаҳ жуда муҳим, геосиёсий, трансчегаравий жиҳатдан катта салоҳиятга эга жой. Шу трансчегаравий ҳудудни ўзи назоратига олиш охирги 4-5 ой давомида катта мақсад бўлиб турибди Исроил томонидан.

Исроил қўшинлари Рафаҳга кирмаган, лекин қамал қилиб турибди, ҳарбий хуружлар бўляпти. Мақсад — кириб бориб, тўлиқ назоратга олиб, Рафаҳдаги ўтиш йўлагини Исроил қўшинлари тасарруфига ўтказиш. Бу мақсаддан Нетаняҳу ҳукумати қайтмаган, қандай халқаро босимлар, АҚШ босимлари, шартлари бўлмасин, Нетаняҳу ҳукумати шу мақсадда турибди.

Нетаняҳу сўнгги баёнотида АҚШ ёрдамисиз ҳам Рафаҳга кириши ҳақида айтди, бу Исроилни жиловлаш имкони йўқ деганими?