18:32 / 15.05.2024
23266

Словакия бош вазири суиқасд оқибатида яраланди

Роберт Фицо билан учрашиш учун йиғилиб турган одамлар орасидан 3-4 марта ўқ узилган. Унинг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Словакия бош вазири Роберт Фицо мамлакат ҳукумати аъзолари йиғилишидан кейинги отишма оқибатида жароҳатланган.

Маҳаллий нашрларга кўра, Фицога Гандлова шаҳрида (пойтахт Братиславадан 190 километр масофада) суиқасд уюштирилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Фицо ҳукумат йиғилишидан кейин маҳаллий аҳоли вакиллари билан кўришган, улардан бири эса унга қарата ўт очган. Натижада бош вазир ерга йиқилган, унинг кўкрак соҳаси, қорин қисми, қўл ва оёқларига жароҳат етказилгани айтилмоқда.

Бош вазир вертолётда Гандлова яқинидаги Банска-Бистрицедаги шифохонага олиб борилган, чунки Братиславага олиб бориш кўп вақт талаб этарди.

Унинг фейсбукдаги расмий саҳифасида аҳволи ўта оғир экани, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши маълум қилинган.

Pravda нашри ҳужумдан кейин олинган видеони намойиш этган, унда Фицо букчайганча хизмат автомобилига чиқаётгани акс этган.

HNonline.sk нашри ёзишича, полициячилар ҳужум қилган шахсни дарҳол қўлга олишган. 

У Словакиянинг Левице шаҳридан бўлган 71 ёшли шахс экани аниқланган.

Маҳаллий нашрларга кўра, Роберта Фицога ҳужум қилган шахс - словакиялик таниқли ёзувчи Юрай Чинтула.

У либерал «Прогрессив Словакия» партияси фаолларидан ҳисобланади.

Гандлова шаҳрида Роберт Фицога ҳужум қилган шахснинг қўлга олиниши
Radovan Stoklasa / Reuters / Scanpix / LETA

Гандлова шаҳрида ўтказилган йиғилишда ҳукумат аъзолари Словакиянинг икки ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни муҳокама қилишганди.

Путиннинг Европадаги дўсти

Роберт Фицо 2023 йил октябрида парламент сайловларида унинг «Курс — социал демократия» партияси ғолиб чиққач, ҳукумат раҳбарлигига келганди. Сайловолди кампанияси чоғида Роберт Фицо Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши эканини айтганди.

Унинг бошчилигидаги Словакия ҳукумати Украинага 40,3 млн евролик ҳарбий ёрдам пакетини блоклади.

Фицо Словакия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини маъқулламаган ва буни «энг катта маъносизлик» деб атаган.

У мамлакат бундан буён Киевга ҳарбий ёрдам ажратмаслигини маълум қилган, Ғарбнинг Украинага ёрдами маънога эга эмаслиги ва фақат қурбонлар сони ортишига олиб келишини таъкидлаган.

Фицо Россияга қарши санкциялар «Словакия аҳолиси ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши»ни билдирган.

Top