ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ракета зарбаси оқибатида вафот этган 45 кишининг 23 нафари аёллар ва болалар бўлгани, яна 249 нафар фаластинликлар яраланганини хабар қилган. Рафаҳ ғазоликлар жон сақлаётган бўлғадаги охирги шаҳар бўлиб турганди. Бу шаҳар асосан қочоқлар лагерлари ва палаткалардан иборат.

Исроил ракетаси қочоқлар лагери ҳудудига бориб тушган. ЦАХАЛ уни қонуний нишон деб атаган ва зарбага учраган объект ҲАМАСга тегишли бўлганига ишонч билдирган. «Зарба халқаро ҳуқуққа мос тарзда, аниқ нишонга урувчи ўқ-дори ёрдамида, керакли разведка маълумоти асосида амалга оширилган. Бу ҳудуддан ҲАМАС фойдалангани аниқ», дейилади ЦАХАЛ баёнотида.

Фото: Eyad Baba / AFP

Al Jazeera воқеа гувоҳларига таяниб ёзишича, камида саккизта ракета якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 20:45 атрофида лагер ҳудудига бориб тушган. Wafa news ахборот агентлиги Фаластин Қизил яримой ташкилотига асосланиб, қурбонларнинг аксари Тал ас Султон ҳудудидаги палаткаларда тириклайин ёниб кетганини ёзган.

ҲАМАСнинг 4 ой ичидаги илк ҳужумидан кейин

Бу зарбадан аввал ҲАМАС охирги тўрт ойда илк марта Исроил томон ракета зарбаси йўллаганди. Камида саккизта ракета айнан Рафаҳдан туриб Исроил пойтахти Тел-Авив томон отилган. Исроил нашрларида хиёбонлардан бирида ракета парчаси кўрингани акс этган видеолар тарқалди. Яна бир кадрда Кфар-Саба шаҳри марказида ракета зарбаси оқибатида пайдо бўладиган воронкасимон чуқур кўринади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ҲАМАСнинг Қассам бригадаси ўз каналларида «Тел-Авив томон йирик ракета зарбаси уюштирилгани» ҳақида хабар берган. Кадрларда ракеталар шаҳарнинг шарқий қисмидаги чегара пунктига яқин жойдан учирилгани кўринган. Бу пунктни Исроил 18 кундан буён назорат қилаётганди.

ЦАХАЛ ўзи назорат қилаётган бу ҳудудда ҲАМАС вакиллари деярли қолмагани ҳақида маълум қилганди. Таҳлилчилар 4 ойлик тўхталишдан кейин ҲАМАС Тел-Авивга зарба йўллагани Исроил томони баёнотларига нисбатан ишончсизлик уйғотади деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрича, ҲАМАС туннеллар тармоғининг бир қисми ҳамон сақланиб қолган ва Исроил томони маълум қилганидан йўқ қилинмаган.