Жаҳон | 12:25 / 06.06.2024
3165
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Вакиллар палатаси Ҳаага судига қарши санкцияларни маъқуллади

Халқаро жиноий судга қарши санкциялар қўллаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси исроиллик сиёсатчиларни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги сўровларга жавоб бўлди.

Фото: Global Look Press/Rod Lamkey - CNP

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Республикачилар партияси томонидан Халқаро жиноий суд (ХЖС)га қарши санкциялар қўллаш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар берди Американинг CNN телеканали 4 июн куни кечқурун. Лойиҳани ёқлаб 247 киши овоз берди - 205 республикачи ва 42 демократ. 155 демократ конгрессмен бунга қарши чиқди. Икки республикачи бетараф қолди.

Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсоннинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат суднинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги сўровига жавобдир. «Қўшма Штатлар Исроил билан қатъий туради ва халқаро бюрократларнинг Исроил раҳбарларини содир этмаган жиноятлари учун асоссиз ҳибсга олишга ордер беришига йўл қўймайди», деди Жонсон. 

Қонун лойиҳаси «АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳимояси остидаги ҳар қандай шахсни тергов қилиш, ҳибсга олиш ёки жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ҳаракат билан шуғулланувчи» шахсларга нисбатан санкциялар қўллашни назарда тутади. Бундай санкциялар орасида АҚШда мулк билан операцияларни тақиқлаш, визаларни блоклаш ва бекор қилиш бор. Айни пайтда бу лойиҳа Демократик партия аъзолари назорати остидаги Сенатда овозга қўйилиши даргумон. 

Байден маъмурияти - ХЖС санкцияларига қарши 

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ҳам ташаббусга «қатъий қарши» чиқди. «Маъмурият ХЖС прокурорининг исроиллик юқори мартабали амалдорларни ҳибсга олишга санкция беришда ўйламасдан ҳаракат қилганидан қаттиқ хавотирда. Шу билан бирга, маъмурият ХЖС, унинг ходимлари, судялари ёки унинг ишига ёрдам берганларга қарши санкциялар қўлланишига қарши. Исроилни ҳимоя қилиш, АҚШнинг ХЖС бўйича позициясини ҳимоялаш, халқаро адолат ва жавобгарликни рағбатлантиришнинг янада самарали усуллари бор ва маъмурият бу вариантлар бўйича Конгресс билан ишлашга интилади», дейилади Оқ уй баёнотида. 

Исроилликлар ва ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер бериш талаби 

ХЖС прокурори Карим Хон 20 май куни суднинг тергов палатасидан Бинямин Нетаняҳу, Йоав Галант, шунингдек, ҲАМАС ташкилотининг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер сўради. 

Хоннинг сўзларига кўра, Нетаняҳу ва Галант ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва бунга жавобан ҳарбий амалиётлар бошланганидан кейин Фаластин ҳудудида содир этилган «ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгардирлар». 

«Биз инсониятга қарши жиноятлар давлат сиёсатига кўра, Фаластин тинч аҳолисига қарши кенг кўламли ва тизимли ҳужумнинг бир қисми сифатида содир этилганини эълон қиламиз. Бу жиноятлар, бизнинг баҳолашимизча, бугунги кунгача давом этмоқда», — деди ХЖС прокурори. 

ҲАМАС арбоблари бўйича ҳужжатда қайд этилганидек, улар уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар - қотиллик, гаровга олиш, жинсий зўравонлик ҳаракатлари, қийноқлар, шафқатсиз муносабат ва бошқа жиноятлар учун жавобгардир. 

Исроиллик сиёсатчилар ҳам, ҲАМАС вакиллари ҳам ХЖС қарорини қоралади. 

ХЖС юрисдикцияси 

Бош қароргоҳи Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд 2002 йилда геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун шахсларни жавобгарликка тортиш учун тузилган.

ХЖС ўз қарорларини амалга ошириш учун механизмга эга эмас. «Ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор шахснинг айбдор эканлигини англатмайди, лекин бу жараённинг узоқ давом этадиган суд жараёнига олиб келиши мумкин бўлган биринчи қадамидир», — дея аниқлик киритади CNN. 

Қўшма Штатлар ҳам, Исроил ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид