Петербург халқаро иқтисодий форуми («ПМЭФ») доирасида 5 июн, чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин жаҳон ахборот агентликлари вакиллари билан учрашди, унинг давомида бир қатор долзарб мавзуларда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Ядро қуролидан фойдаланиш тўғрисида 

Украинага қарши уруш пайтида ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидлари ҳақида сўралганда, Путин «ядро таёқчасини силкитмаслигини» айтди ва шу билан бирга, Россия Федерациясининг ядровий доктринасига мувофиқ ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди. 

«Биласизми, улар бизни қандайдир ядровий таёқчани силкитишда айбламоқчи бўлади. Лекин мен ҳозир бу мавзуни кўтардимми? Буни сиз қилдингиз. Мени мавзуга яқинлаштиряпсиз, кейин эса ядро таёқчасини силкитганимни айтасиз», деди Путин Reuters журналистининг вазият бундай хавфга қанчалик яқин эканлиги ҳақидаги саволига жавобан. 

«Ғарб негадир Россия ҳеч қачон қўлламайди (ядровий қуролни) деб ҳисоблайди. Бизда ядровий доктрина бор, унда нима ёзилганига қаранг. Агар кимнингдир ҳаракати суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизга таҳдид солса, биз ундан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблаймиз. Буни оддий, юзаки қабул қилиб бўлмайди. Умид қиламанки, дунёда ҳамма бу масалага шундай ёндашади», - деди Путин. 

Украинага Ғарб қуроллари етказилиши ва Россия ҳудудига ҳужумлар

Ғарб давлатлари иштирокида Россия Федерациясига зарба бериш уларнинг Россияга қарши тўғридан тўғри урушини англатади, «Москва бунга жавоб беради», деди Путин. «Агар биз бу мамлакатлар бизга қарши урушга жалб қилинаётганини кўрсак - бу уларнинг Россия Федерациясига қарши урушда бевосита иштирок этиши бўлади - биз шунга ўхшаш тарзда ҳаракат қилиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз», деди у журналистларга.

Кремл раҳбари агар Россия ҳудудига Украина томонидан Ғарбдан етказиб берилган қуроллар ёрдамида ҳужум қилинса, Ғарбга «ассиметрик жавоб» билан таҳдид қилди, дея хабар беради dpa. Хусусан, Москва ўз қуролларини дунёнинг бошқа минтақаларига жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, у ердан Россия Федерациясига қарши қаратилган қуроллар келиб чиққан мамлакатларга ҳужум қилиш учун фойдаланиш мумкин, деди Путин. «Бу жавоб ассиметрик бўлиши мумкинлигини англатади», дея қўшимча қилди у. 

Россиянинг Ғарб мамлакатларига таҳдиди ҳақида 

Путин Украинага қурол етказиб берилиши муносабати билан ҳеч кимга, жумладан Германия канцлери Олаф Шолцга таҳдид қилмаганини айтди. «Нима учун биз кимгадир таҳдид қиляпмиз, деб ўйлаяпсиз? Биз ҳеч кимга таҳдид солмаяпмиз, айниқса, бошқа давлат раҳбарига. Бу ёмон нарса», деди у Германиядан келган журналистнинг саволига жавоб берар экан.