2022 йилда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” йўтал сиропини ичиш оқибатида Ўзбекистонда камида 68 нафар бола ҳалок бўлди, 16 нафар бола эса ногирон бўлиб қолди.
Текширувлар бу ишлаб чиқарувчининг “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сироплари таркибида пропиленгликол ўрнига ёки у билан бирга диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини кўрсатди.
Шундан кейин 2024 йил январида Ҳиндистон ҳукумати Marion Biotech заводида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатди ва компания лицензиясини бекор қилди. 2023 йилнинг 3 март куни Ҳиндистон полицияси мазкур фармацевтика компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича директори ва икки нафар кимёгарини ҳибсга олади. Қолган икки директор “мамлакатдан ташқарида экани ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ қамоққа олиниши” маълум қилинади.
Press Trust of India агентлиги хабарига кўра, уларга нисбатан Ҳиндистон Жиноят кодексининг 274- (Дори воситаларини қалбакилаштириш), 275- (Қалбаки дори воситаларини сотиш) ва 276- (Дори воситаларини бошқа дори ёки доривор маҳсулот сифатида сотиш) моддалари бўйича иш қўзғатилган.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” иши бўйича давом этаётган апелляция инстанцияси судининг 7 июн кунги мажлисида бу иш бўйича яна айрим тафсилотлар аён бўлди.
Аввало айтиш лозимки, Marion Biotech компаниясининг бош идораси Ҳиндистоннинг Уттар Прадеш штатидаги Ноида шаҳрида жойлашган. Компания 1999 йилнинг 21 майида рўйхатга олинган.
Ҳиндистон Корпоратив ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, болалар ўлими содир бўлган пайтда Marion Biotech'нинг асосий улушдорлари Сачин Жаин ва унинг хотини Жая Жаин бўлган. Улар таъсисчи бўлиш билан бирга, 2011 йил 8 апрелдан ҳозиргача бошқарувчи директор сифатида ҳам фаолият олиб боради.

Мазкур икки шахс Marion Biotech'дан ташқари яна 23та бошқа компанияларда ҳам улушдор бўлган.
















