2022 йилнинг сентябр ойида Тошкент шаҳрида мудҳиш қотиллик жинояти содир этилган. Қурбон ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили эди. Қотиллик ҳақида эшитганлар бундай муҳим жойда фаолият юритган шахснинг даҳшатли тарзда ўлдирилиши душманлик билан боғлиқ, деган ўйга боради. Сабаби, марҳум тириклигида тезкор тадбирлар ўтказиб, коррупция билан боғлиқ кўплаб жиноятларни фош қилганди.
Қотиллик аслида ҳам душманлик сабаб юз берганмиди? Йўқ.
Бир кўрган таниш, икки кўрган қадрдон
Одатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи тезкор вакиллар дуч келган инсон билан танишиб, қадрдон бўлиб кетавермайди. Улар бу борада ўзига хос тарзда атрофида “муҳофаза зонаси”ни ушлайди.
Аммо ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили негадир Жасур (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) билан танишиб, қисқа фурсатда қадрдонга айланиб қолди. Албатта, бу тезкор ходимнинг эҳтиёткорсизлиги эмас, кўпроқ Жасурнинг маҳорати эди. Сабаби, Жасур тезкор вакил билан янада яқинроқ бўлиш, унинг ишончига кириш учун тинмай ҳаракат қилар, турли зиёфатлар уюштирарди.
Шу тариқа улар иккиси қадрдон бўлиб қолишди. Аммо қилни қирқ ёрадиган тезкор вакил негадир Жасурнинг асл мақсадини сезмаганди.
Сохта тилла савдогари
Жасур тезкор вакилга ўзини тилла буюмлар савдоси билан шуғулланувчи ишончли тадбиркор сифатида кўрсатганди. У ҳар учрашганида тезкор вакилни кўпроқ ва осон пул топишга қизиқтира боради.
Навбатдаги зиёфатларнинг бирида Жасур мақсадга ўтиб, “қармоқ ташлайди”. Уларнинг суҳбати қуйидагича бўлади:
— Сизларга тезкор тадбирларда фойдаланиш учун банклардан қайтариб бериш шарти билан пул олиш ваколати берилган экан а?
— Ҳа.
— Мана шундан яхшигина пул қилсак бўлади-да.
— Қандай?
— Оддий. Менга кўп миқдорда пул олиб берсангиз, ўз бизнесимга бир неча кунга “оборот”га қўяман. Даромаддан сиз ҳам яхшигина улуш оласиз.
Жасур тезкор вакилни шу тариқа алдайди. Уни тилла буюмлар савдогари деб биладиган тезкор вакил шу тариқа “хўрак”ка илинганди.














