Вашингтоннинг Украинани қўллаб-қувватлаши кучайган бир пайтда, Россия ҳарбий кемалари ҳам АҚШ биқинидаги Кариб денгизига йўл олди. РФ ҳарбий-денгиз кучлари 12-17 июн кунлари Куба пойтахти портида бўлади ва икки давлатнинг денгиз машғулотлари ташкил этилади. “Геосиёсат”да таҳлилчи Шуҳрат Расул мавзу юзасидан ўз фикрларини ўртоқлашди.

Совет иттифоқининг муҳим иттифоқчиси бўлган Куба билан Россиянинг яқиндан муносабатларни тиклаш жараёнида муҳим нуқталар нималар?

— 1962 йил октябрдаги Кариб инқирозида ҳам, ҳозир ҳам мана шу Кариб ҳавзаси урғуланяпти, бунинг ўзига хос маъноси бор. Совуқ уруш даврида 1962 йил дунё ядро уруши ёқасига келиб қолган эди. Ўша пайтдаги воқеаларни бироз очиб бермасак, бугунги бўлаётган ишларни тушуниш қийин бўлади. 1962 йили 24 майда СССР сиёсий бюроси Куба билан келишиб, Кубага ядро ракеталарини жойлаштириш бўйича қарор қабул қилади. Буни амалга ошириш учун «Анадырь» операцияси ташкил қилинади. Операция доирасида Кубага 90 ортиқ ядро зарядлари, 100 га яқин ракеталар ўрнатилиши керак бўлади ва операция муваффақиятли бўлади.

АҚШ разведкаси ўша пайтда фаоллик кузатилганини сезади, аммо аниқ билолмайди. Россия томони савдо кемаси ниқобида бир неча ой давомида ракета ва ядро каллакларини жойлаштиради. АҚШ разведка самолётлари ракеталар стартга тайёр ҳолатга келгандан кейин аниқлаган 14 октябрда. Маълумотлар тўлиқ йиғилиб 16 октябрда президент Кеннедига маълум қилинади, АҚШ ҳукумати шок ҳолатига тушади. Бу воқелик Кариб инқирози деб аталади ва ядро урушига энг яқин келган вазият ҳисобланади. 27 октябрда Кубани блокада қилиб, барча томондан ҳарбий флот ўраб олади. АҚШнинг разведка самолёти Куба устидан учиб ўтаётганда СССР томонидан уриб туширилади ва мана шу ҳолат Кариб инқирозининг кулминацияси бўлади, икки томон ҳам ядро ракеталарни ҳужумга тайёр ҳолатга келтиради.

Жон Кеннедининг укаси Роберт Кеннеди СССР элчиси билан гаплашади Жон Кеннедининг топшириғига кўра ва шу суҳбат билан уруш хавфининг олдини олиш бўйича амалий қадамлар қўйилади.

Ҳозир Россия худди шу эскалация сценарийсини қайтармоқчи бўляпти. 4 та кема, 1 та сувости кемаси 12 июнда Гавана портларига боради. Бу кемалар Россиянинг сўнгги турдаги қуроллари билан қуроллантирилган. Эски Оникс ракеталар тизими ҳам замонавийлаштирилган.

Куба томони бу кемаларда ядро қуроли йўқ, деб алоҳида урғулаяпти. Лекин Россия ОАВлари Кариб инқирози билан таққослаб, ҳозир ҳам эскалация шу даражада, АҚШдан таклифлар кутяпмиз, деб ёритяпти. Сценарий бўйича «Кеннеди» пайдо бўлиб, эскалацияни тўхтатайлик дейиши керак, яъни бунинг учун Украинага ёрдамни тўхтатиши керак режа бўйича. Аммо АҚШ Хавфсизлик кенгаши координатори Жон Келби Россия кемалари келишини қизиқ ҳолат ва биз буни кузатамиз, ўзимизга хавф кўрмаяпмиз, бу орқали Россия бизга эмас, ўзининг ички жамиятига сигнал юборяпти, деб баҳолади. Бу баҳо билан Россия мантиғини йўққа чиқариб бўлди. Агар кемаларда ядро қуроллари бўлса, АҚШ эскалацияни жиддийроқ қабул қилган бўларди. Лекин Россия томони бу кемаларга ядро каллаклари жойлаштирмади. Россия сценарийси ўтмай қоляпти, мақсад — Кариб инқирози даражасига кўтариб, музокаралар бошлаш эди.