13:41 / 11.06.2024
2159

KPMG: Германия компаниялари Украинага сармоя киритишни режалаштирмоқда

Сўров натижаларига кўра, Украинадаги немис фирмаларининг 43 фоизи янги сармоя киритишни режалаштирмоқда. Респондентларнинг 42 фоизи келгуси йилда Украинадаги иқтисодий вазият яхшиланишини, 10 фоизи эса ёмонлашишини кутмоқда.

Фото: Hector Adolfo Quintanar Perez/ZUMA/IMAGO

Уруш давом этаётганига қарамай, Украинада фаолият юритаётган немис компаниялари бу мамлакатдаги иқтисодий вазиятга оптимистик қараяпти. Украинадаги немис фирмаларининг 43 фоизи янги сармоя киритишни режалаштирмоқда, деб хабар берди KPMG халқаро аудиторлик компанияси 10 июн, душанба куни Германия-Украина Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда апрел-май ойларида 142 компания ўртасида ўтказилган сўров маълумотларига таяниб.

Шу билан бирга, респондентларнинг 42 фоизи яқин 12 ой ичида Украинадаги иқтисодий вазият яхшиланишини кутаётганини, яна 10 фоизи эса ёмонлашишини маълум қилган. 

Украинага сармоя киритишнинг ижобий ва салбий томонлари 

Украинанинг қулай сармоявий муҳитга бозорга кириш, малакали кадрлар мавжудлиги ва урушдан вайрон бўлган мамлакатни қайта тиклаш бўйича халқаро дастурлар борлиги туртки беради. Компаниялар тўсиқлар орасида давом этаётган уруш, ходимларнинг хавфсизлиги учун хатарлар ва маҳаллий коррупцияни санаб ўтган. Бундан ташқари, Украинанинг сафарбарлик тўғрисидаги қонуни ишчи кучи мавжудлигини чеклайди. 

Айни пайтда, 11 июн куни Берлинда Украинани тиклаш бўйича икки кунлик конференция бошланади, унда 2 мингга яқин иштирокчи кутилмоқда. Германия ҳукумати шу билан Украинани қайта тиклаш бўйича узоқ муддатли истиқболни тақдим этиш ва сармояларни рағбатлантириш ниятида. Бошқа нарсалар қаторида, гап Россиянинг давом этаётган ҳужумлари фонида фавқулодда ёрдам кўрсатиш масалалари ҳақида кетяпти. 

Top