10:32 / 12.06.2024
1668

ЕИ украиналикларнинг вақтинчалик ҳимоясини 2026 йилгача узайтирмоқчи

Еврокомиссия украиналик қочқинларни ЕИда вақтинчалик ҳимоя қилиш бўйича қарорни яна бир йилга, яъни 2026 йил март ойи бошигача узайтиришни таклиф қилди. Таклиф Европа Иттифоқи кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Фото: rda-hm.gov.ua

Еврокомиссия украиналикларнинг Европа Иттифоқидаги вақтинчалик ҳимоясини 2026 йил мартигача, яъни яна бир йилга 2025 йил 5 мартдан 2026 йил 4 мартигача узайтиришни таклиф қилди. 11 июн, сешанба куни Брюсселдаги идора буни «мавжуд вазиятга зарур ва тўғри жавоб» деб атади, чунки урушдан қочган украиналиклар давом этаётган ҳужум туфайли ватанига қайтиб кета олмаяпти.

Украинага хавфсиз қайтиш имконияти йўқ

«Россиянинг Украина бўйлаб фуқаролик ва ҳаётий инфратузилма объектларига ҳужумлари давом этаётгани сабабли, ҳозирда хавфсиз ва узоқ муддатли қайтиш учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ», — дейилади Европа комиссияси баёнотида.

Идора маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида урушдан қочган 4,2 миллион украиналик бор. Мақсад уларни «ҳозирги шароитда ўзини иложи борича барқарор ҳис қилиши» учун ҳимоя билан таъминлашдир, дея таъкидланади ахборотда. Брюссел Европа Иттифоқининг тегишли директиваси зудлик билан ҳимоя қилиш ва муайян ҳуқуқларни, жумладан, яшаш ҳуқуқи, меҳнат бозорига кириш, уй-жой, ижтимоий, тиббий ва бошқа ёрдамларни амалга ошириш имкониятини тақдим этишини эслатди.

Европа Иттифоқи бу таклифни 13 июн куни ЕИ кенгашига тақдим этади.

Украинадан келган қочқинлар учун ЕИ вақтинчалик ҳимояси

Украинадан келган қочқинларни вақтинчалик ҳимоя қилиш тўғрисидаги директива Россиянинг мамлакатга ҳужумидан бир неча кун ўтиб Европа Иттифоқида кучга кирди. Тизим 1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошларида Болқон урушларидан кейин ишлаб чиқилган. Унинг мақсади - Европа Иттифоқига қочқинларнинг оммавий оқими пайтида бошпана тизимларининг ҳаддан ташқари юкланишининг олдини олиш. Урушдан қочган одамлар яшаш учун рухсатномаларни тез ва бюрократик тартиб-қоидаларсиз олади.

Top