Жаҳон | 08:04 / 13.06.2024
10126
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва бошқа мамлакатлардаги 300 та компанияга қарши санкциялар киритди

Россиянинг Украинага қарши урушига ёрдам берган компаниялар ва шахслар жазога тортилди. Бошқа нарсалар қаторида, Москва биржаси ва Миллий клиринг марказига нисбатан санкциялар жорий этилди.

Фото: AP / Jacquelyn Martin

Қўшма Штатлар Италиядаги G7 саммити арафасида Россиянинг Украинадаги урушига қарши қаратилган янги санкциялар пакетини эълон қилди. Москвага киритилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берган яна 33 киши ва 300 га яқин компания ва ташкилотлар қора рўйхатга киритилган. 12 июн, чоршанба куни эълон қилинган АҚШ Молия вазирлиги хабарига кўра, чекловлар қўйилган юридик шахслар орасида Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Болгария, Сербия, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларус ва Британия Виржиния ороллари компаниялари бор.

Шунингдек, Россия валюта бозорида доллар савдосида воситачи бўлган бир қатор Россия молия институтларига, хусусан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази (МКМ) ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди.

Америка Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Россия ҳукуматининг Москва биржасига капитални жалб қилиш чоралари Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлар фуқаролари учун «Россия суверен қарзига сармоя киритиш орқали Кремл ҳарбий машинасидан фойда олиш имкониятларини кенгайтиради».

Доллар тизимидан изоляция таҳдиди

Ихтисослашган Telegram-каналлар таъкидлашича, Москва биржаси ва МКМга қарши санкциялар доллар тизимидан изоляция билан таҳдид солади, жумладан, доллар ва евро билан савдо тўхтатилиши орқали.

Москва биржаси 13 июндан бошлаб платформада доллар ва еврода савдо ўтказмаслиги ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, у гуруҳда ўзгарувчанлик шароитида узлуксиз савдони таъминлаш учун зарур воситалар мавжудлигига ишонтирди. 

Янги санкция рўйхатидагилар 

«Согаз» суғурта компанияси ва Россия миллий қайта суғурта компанияси ҳам АҚШ чекловлари остида қолди. 100 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар Россия энергетика, металлургия ва тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш билан шуғулланаётгани, шунингдек, илгари киритилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам бергани сабабли рўйхатга киритилган, дея тушунтиради АҚШ Молия вазирлиги. Янги жазолар, шунингдек, бундай компаниялар учун иккиламчи санкциялар хавфини оширишга қаратилган. 

Қора рўйхатга, шунингдек, россиялик ишлаб чиқарувчи учун олтин ювиш билан шуғулланувчи, дрон ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватловчи, Россиянинг кимёвий ва биологик қуроллар дастури учун нозик ва муҳим материалларни сотиб олувчи ўндан ортиқ трансмиллий тармоқлар ҳам киритилган. Қўйилган санкциялар, шунингдек, Россиянинг суюлтирилган газ сотишдан келадиган даромадларини чеклашга қаратилган, дея таъкидлади Қўшма Штатлар Молия вазирлиги. 

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен сўзларига кўра, чекловлар Россиянинг материаллар ва асбоб-ускуналарни олиш бўйича имкониятига, жумладан, учинчи давлатлардан муҳим таъминотга боғлиқлигига зарба бўлади. «Биз Россиянинг уруш иқтисодиётига жалб қилинган молиявий институтлар учун хавфни оширамиз ва санкцияларни четлаб ўтиш йўлларини йўқ қиламиз, шунингдек, Россиянинг хорижий технологиялар, ускуналар, дастурий таъминот ва АТ хизматларидан фойдаланиш имкониятини камайтирамиз», - дейилади АҚШ баёнотида.

Мавзуга оид