Жаҳон | 12:47 / 14.06.2024
3784
3 дақиқада ўқилади

Tesla акциядорлари Илон Маскка 56 млрд долларлик тўловларни маъқуллади

Делавэр суди Tesla акциядорларининг 2018 йилда Маскка 56 миллиард доллар тўлаш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Кўриб чиқилаётган даъво ҳали якунланмаган.

Фото: AP

Tesla электромобиллар ишлаб чиқарувчиси акциядорлари компания асосчиси ва раҳбари Илон Маскка 56 миллиард доллар (52,2 миллиард евро) миқдорида товон пули тўлашни қайта тасдиқлади, деб хабар бермоқда Reuters 13 июн, пайшанба куни компания баёнотига таяниб

Тўловнинг маъқулланиши «Маск Tesla чакана инвесторлари томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлайди, улар аксарияти миллиардернинг ашаддий мухлислари», — дейилади нашрда. Reuters шунингдек, баъзи йирик институционал инвесторларнинг қаршилигига қарамай, таклиф қабул қилинганини билдирди. 

Тўловлар пакети Америка корпорациялари тарихидаги энг йирик пакет бўлади. 56 миллиард долларлик кўрсаткич Tesla акцияларининг аввалги нархини акс эттиради. Жорий йил апрел ҳолатига кўра, уларнинг қиймати пасайгани ҳисобга олинса, Маскка тўловлар ҳажми 44,9 миллиард доллар ёки 46,5 миллиард еврога тенг. 

Tesla акциядорларининг Илон Маскка тўловлар бўйича қарори 

Tesla электромобиллар чиқариш компанияси директорлар кенгаши 2018 йилда Маскка ўн йил муддатга товон тўлашга қарор қилди. Шартлар акцияларнинг бозор қиймати ва бизнес кўрсаткичлари бўйича улкан мақсадларга эришилганлигига қараб компания акциялари кўринишидаги компенсацияни ўз ичига олади. Ўша йили Tesla акциядорларидан бири пакет ҳажмини ҳаддан ташқари кўп деб ҳисоблаб, Маскка қарши судга мурожаат қилди. 

Январь ойида Делавэр суди Маскнинг бундай катта компенсацияга ҳақли эмаслиги ҳақида қарор чиқарди ва кўп миллиард долларлик тўлов пакетини «тушуниб бўлмайдиган ҳолат» деб атади. 

Акциядорларнинг тўловларни қўллаб-қувватлаш бўйича такрорий қарори бу жараённи бекор қилмайди, деб таъкидлайди Reuters. Ҳуқуқшунослар бу яна бир неча ойга чўзилиши мумкинлигини истисно қилмайди. Хусусан, суд акциядорларнинг овоз бериш натижаларини синчиклаб кўриб чиқиши ва Маскдан номақбул таъсир кўрсатмаганлигини исботлашни талаб қилиши мумкин. Reuters агентлиги Илон Маск ушбу иш бўйича янги суд жараёнларига дуч келиши мумкинлигини истисно этмади. 

Шу билан бирга, 13 июн куни Техасдаги Tesla акциядорларининг йиллик йиғилишида компания юридик манзилини Делавэрдан Техасга ўтказиш таклифи ҳам маъқулланди. Бошқа таклифлар ҳам қўллаб-қувватланди, жумладан, бошқарув кенгашининг икки аъзоси: Илон Маскнинг акаси Кимбал Маск ва медиамагнат Руперт Мердокнинг ўғли Жеймс Мердокни қайта сайлаш. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид