Абу-Даби лойиҳалар ва инфратузилма маркази — ADPIC Американинг The Boring Company компанияси билан келишув имзолади. Илон Маск асос солган мазкур компания туннел қазишнинг илғор технологиялари ва инфратузилма қурилишига ихтисослашган.

Ҳужжат Абу-Дабида ўтказилган Liveability and Investment Exhibition — LIVEX 2026 кўргазмаси доирасида имзоланган. Уни ADPIC номидан марказ бош директори, муҳандис Мейсара Маҳмуд Салим Эйд, The Boring Company номидан эса компания президенти Стив Дэвис имзолаган.

Ҳамкорлик доирасида томонлар амирликда ерости транспорт тизимлари, муҳандислик коммуникацияларини ўтказиш учун туннеллар ва уларга боғлиқ бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш имкониятларини ўрганади.

Бундай ечимлар ҳудудлар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини яхшилаш, шаҳар инфратузилмаси тизимларининг ишончлилигини ошириш ва Абу-Дабининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиши мумкинлиги баҳоланади.

Лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини таҳлил қилишда халқаро тажриба ва жаҳондаги илғор амалиётлардан фойдаланиш режалаштирилган. Бунда туннелларни қандай қуриш, тайёр объектлардан қай тартибда фойдаланиш ва уларни қандай бошқариш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, томонлар маҳаллий мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга кўмаклашмоқчи. Абу-Дабини туннел қазишнинг илғор технологиялари ва ерости инфратузилмаси қурилиши бўйича минтақавий марказга айлантириш истиқболлари ҳам ўрганилади.

Келишув ерости транспорти, муҳандислик коммуникациялари туннеллари ва уларга туташ инфратузилма бўйича техник ҳамда стратегик маслаҳатлашувларни назарда тутади.

Мутахассислар туннелларни режалаштириш, замонавий туннел қазиш технологияларини қўллаш, қурилиш усуллари ва хавфсизлик стандартлари бўйича тажриба алмашади. Шунингдек, объектлардан фойдаланиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, рақамли лойиҳалаш, автоматлаштириш ва инфратузилмани бутун хизмат муддати давомида бошқариш масалалари ҳам ҳамкорлик йўналишлари қаторига киритилган.

Аввалроқ The Boring Company «Дубай ҳалқаси» — Dubai Loop лойиҳасини қуриш учун рухсат олган эди. Режага кўра, узунлиги 17 километр бўлган туннеллар тизими Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик шаҳри — Дубайнинг энг серқатнов ҳудудларини ўзаро боғлайди.