Россиянинг Қозон шаҳрида 12-23 июн кунлари БРИКС ўйинлари ўтказилмоқда. Бу муқаддам ўзига эътибор тортмаган ҳар йиллик спорт тадбиридир. 2024 йил у билан бир вақтда футбол бўйича Европа чемпионати ҳам бўлиб ўтмоқда. Россия пропагандаси учун эса БРИКС ўйинлари қитъа чемпионатидан муҳимроқ бўлмоқда.

БРИКС ўйинлари бу йил бешинчи бор ўтказилмоқда. Аввалига у худди шу номдаги ташкилот аъзолари бўлган мамлакатлар учун кичик мусобақа сифатида ўйлаб топилганди (2017 йили биринчи ўйинлар ўтказилганида бундай мамлакатлар сони бешта эди: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР). Унда асосан таниқли бўлмаган ёш спортчилар қатнашади. Турнир ҳар йил ўтказилиши кўзда тутилганди. Уни муайян йилда БРИКСга раислик қилувчи мамлакат қабул қилади. Формат аввалига жуда чекланган ва фақат бир нечта спорт турлари (учтадан бештагача) бўйича мусобақаларни ўз ичига оларди. Бир сафар коронавирус туфайли ўйинларни онлайн ўтказишга тўғри келган — дастурда шахмат, брейк-данс ва ушу бор эди.

Аммо халқаро турнирлардан четлатилган Россия 2024 йилда БРИКС ўйинлари дастури ва географиясини жиддий кенгайтиришга қарор қилди. Ташкилотчилар формал рақамларга қаттиқ эътибор қаратмоқда: бу сафарги турнирда 90 дан ортиқ мамлакатдан тўрт ярим мингдан ортиқ спортчи иштирок этиб, 30 га яқин спорт тури бўйича 387 та медаллар шодаси учун кураш олиб бормоқда.

Шу билан бирга иштирокчи спортчиларнинг тўртдан бир қисми фақат икки давлат — халқаро турнирлардан четлатилган Россия ва Беларус ҳиссасига тўғри келмоқда. Айрим ҳолатларда спортчиларга рақибнинг ўзи топилмаяпти: учта тур бўйича чиқишлар етарли миқдорда иштирокчилар йўқлиги учун стартга бир неча кун қолганида бекор қилинган.

Синхрон сузиш бўйича иккита олтин медални россиялик Александр Малцев қўлга киритди. Эркин дастурда унинг якка ўзи чиқиш қилган. Шоҳсупага ҳам ёлғиз кўтарилган. Техник дастурда бироз қийинроқ бўлган — Малцев бир рақиб билан курашишига тўғри келган.

Мусобақа даражасини иштирокчилар таркибига қараб ҳам айтиш мумкин. Ҳатто Россия терма жамоасига чақирилган 600 спортчидан ҳам фақат бир неча нафари Олимпиада ёки жаҳон чемпионатларида муваффақият қозонган атиши бир неча спортчи бор — гимнастикачи Никита Нагорний, қиличбоз Софя Великая, енгил атлетикачи Сергей Шубенков, синхрон сузувчи Светлана Колесниченко шулар жумласидан. Бошқа мамлакатлар жамоаларида эса умуман юлдузлар йўқ — масалан, Хитой ўйинларга 100 дан ортиқ спортчисини юборган, аммо улар орасида ҳеч бўлмаганда Олимпиада саралашидан ўтган бирор спортчи йўқ.

Россия — чемпион

Россия Ўйинлар рейтингида сўзсиз пешқадамлик қилмоқда: 17 июн ҳолатига россияликлар 117 та олтин медал қўлга киритган, беларусларда — 19, хитойликларда — 17 та олтин бор.