Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қай тартибда молиялаштирилади?
Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд долларни ташкил этади. Шундан 2,35 млрд доллар иштирокчи давлатлар томонидан уларнинг лойиҳадаги улушларига мувофиқ тақсимланади. Хусусан, Хитой 1,18 млрд доллар, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳар бири 573 млн доллардан сармоя киритиши лозим. Қолган 2,35 млрд доллар Хитой банклари томонидан ажратиладиган нотижорат кредит ҳисобидан молиялаштирилади.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўлининг молиявий тақсимоти маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Жўқорғи Кенешининг 19 июн куни бўлиб ўтган йиғилишидаги маълумотларга таяниб, Spot хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд долларни ташкил этади. Шундан 2,35 млрд доллар иштирокчи давлатлар томонидан уларнинг лойиҳадаги улушларига мувофиқ тақсимланади. Хусусан, Хитой 1,18 млрд доллар, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳар бири 573 млн доллардан сармоя киритиши лозим.
Қолган 2,35 млрд доллар Хитой томонидан ажратиладиган нотижорат кредит ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳозирда бу борада Хитой Эксимбанки ва ХХР Миллий банки билан музокаралар олиб бориляпти. Темирйўл қурилиши 6 йил давом этиши мумкин.
Маълумот учун, 2024 йил 6 июн куни Пекинда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича битим имзоланганди.
Битимга мувофиқ, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши жорий йил октябр ойида бошланишини айтганди.
Мавзуга оид
11:55 / 04.06.2026
Чипта етишмовчилиги ва вагонлардаги санитар ҳолат – транспорт вазири темирйўлдаги муаммолар ҳақида
08:17 / 03.06.2026
Дунёнинг энг гавжум темирйўл вокзаллари рейтинги эълон қилинди
00:04 / 24.05.2026
Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўл линиясининг реконструкция қилинган бекати иш бошлади
22:35 / 17.05.2026