Ўзбекистон | 17:45 / 23.06.2024
17411
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистон президенти Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июн кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

Бугун, 23 июн куни Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқаси Лувсандорж Болорцетцег ҳамроҳлигида мамлакатимизга ташриф буюрди.

Бош вазир матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент халқаро аэропортида Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Қисқа суҳбатдан сўнг, Мўғулистон президенти ва унинг турмуш ўртоғи ташриф дастуридан ўрин олган навбатдаги манзилга жўнаб кетди.

Олий мартабали меҳмон ташрифининг дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.

Хусусан, кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, логистика ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари ўрин олган. Шунингдек, маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинади. Халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Саммит якунлари бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Давлат ташрифи доирасида президентларнинг икки мамлакат етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашуви ҳамда қатор бошқа икки томонлама тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух Хива шаҳрига ҳам ташриф буюриб, халқ бой маданий-тарихий мероси билан танишади.

Мавзуга оид