Президент Шавкат Мирзиёевга чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар тақдим этилди.
Тақдимотда мамлакатда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида хориждан наслли чорва молларини олиб келиш режалари ҳам кўриб чиқилди.

Режага мувофиқ, Мўғулистондан 150 минг бош қўй, Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол, шунингдек, Беларусдан 2 минг бош наслли мол импорт қилиниши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, мазкур чоралар ҳисобига мамлакатда йилига қўшимча 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Умуман, 2026–2028 йилларда чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 миллион доллар маблағ йўналтириш режалаштирилган. Шунингдек, фаолияти тўхтаб қолган чорвачилик корхоналарини тиклаш, аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли молхоналар қуриш, наслчилик ишларини ривожлантириш ва Smart Fermer рақамли платформасини жорий этиш орқали тармоқ самарадорлигини ошириш чоралари белгиланди.
Давлат раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли мониторинг тизимини йўлга қўйиш ҳамда ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп гўшт-сут маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.











