Украинада урушнинг 851-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- 24 июн куни Украина қуролли кучларининг аннексия қилинган Севастополга ракета зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. 150 дан ортиқ киши яраланган.
- «Калибр» русумли икки ракета Киев области узра уриб туширилган, икки киши жароҳатланган.
- Белгород областининг Грайворон шаҳрида камикадзе дрон зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган.
- Россия Харкивга бошқарилувчи авиабомбалар билан ҳужум қилди, бир киши ҳалок бўлган, яраланганлар ҳам бор.
Севастопол бўйлаб ракета зарбаси
23 июн куни кундузи РФ мудофаа вазирлиги украин қўшини аннексия қилинган Севастополга «Американинг кассетали ўқ-дориларга эга ATACMS ракеталари» билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Ҳарбий идора тарқатган хабарда айтилишича, тўртта ракета уриб туширилган. Яна бир ракета «ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари таъсири оқибатида якуний босқичда парвоз траекториясидан четга оғиб кетган ва шаҳар устида портлаган». Ракета қолдиқлари шаҳарнинг турли қисмларига, жумладан пляжга ҳам тушган, дейилади аннексия қилинган шаҳар маъмурияти хабарида.
24 июн куни тонгидаги маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, шундан икки нафари болалар, 153 киши жароҳатланган. Аннексия қилинган шаҳар маъмурияти раҳбари Михаил Развожаев ўзига РФ президенти Владимир Путин телефон қилгани, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга барча зарур ёрдамлар кўрсатилишини ваъда қилганини айтган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Путин Севастополга зарба ва Доғистондаги терактлар юзасидан чиқиш қилиши режалаштирилмаган.

Харкив бўйлаб авиазарба
Россия қўшини 23 июн куни кундузи Харкив бўйлаб учта бошқарилувчи авиабомба ташлади. Регион раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, 12 киши жароҳатланган, шундан икки нафари вояга етмаган болалар, бир киши — 73 ёшли киши ҳалок бўлган.




























