Жаҳон | 12:04 / 24.06.2024
3769
2 дақиқада ўқилади

WP: КХДР Россияга 1,6 млн снаряд етказиб берган бўлиши мумкин

The Washington Post газетаси 2023 йилда КХДРдан Россияга ўқ-дорилар етказиб берилгани ҳақида билвосита далиллар келтирди.

Фото: Yonhap/picture alliance

КХДР Украинага қарши урушни давом эттириш учун 2023 йилнинг иккинчи ярмида Россияга 1,6 миллион артиллерия снарядларини етказиб берган бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post нашри 22 июн куни хабар қилди. Газета глобал хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи C4ADS нодавлат ташкилоти томонидан Россиянинг транспорт-логистика компаниясидаги аноним манбадан олинган маълумотларга ишора қилмоқда. 

C4ADS’нинг ушбу маълумотларига кўра, 2023 йил августидан 2024 йил январигача Россиянинг Узоқ Шарқидаги иккита порт шаҳардан Украина билан чегарадаги 16 та аҳоли пунктига 74 минг метрик тонна юк етказилган. Бу 1,6 миллион артиллерия снарядларининг оғирлигига тўғри келади. Белгиланган манзилларда ушбу юкларга «ўқ-дорилар» белгиси қўйилган. Юкларнинг жўнаб кетиши Шимолий Кореядан келган кемаларнинг портларга етиб бориши билан бир вақтда юз берган.

The Washington Post бу маълумотлар КХДРдан Россияга ўқ-дорилар етказиб берилганининг жиддий билвосита далилидир, деб ҳисоблайди. Газета қайд этишича, Владимир Путиннинг 2024 йил июн ойида КХДРга ташрифи чоғида имзоланган «ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисида»ги келишув Шимолий Кореядан Россияга ўқ-дорилар етказиб бериш учун расмий асосларни тақдим этади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид