Жаҳон | 15:02 / 27.06.2024
10062
3 дақиқада ўқилади

Бастрикин Россияда РФ фуқаролигини олган ва ҳарбий ҳисобда турмаган 30 минг мигрант «тутилгани»ни айтди

Улардан 10 минг нафари «окоп қазиш»га юборилган.

Фото: Холод

РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Россияда яқинда РФ фуқаролигини олган ва ҳарбий ҳисобда турмаган 30 мингдан ортиқ хорижлик аниқланганини маълум қилди. Бу ҳақда у 27 июн куни Петербург халқаро юридик форумидаги чиқиши давомида тўхталиб ўтган.

«Биз фуқаролик олган ва ҳарбий ҳисобда туришни истамаган 30 мингдан ошиқ шундай [мигрант]ларни ушладик, ҳисобга қўйдик ва аллақачон 10 минг нафарини махсус ҳарбий амалиётга жўнатдик», — деган Бастрикин. У ҳуқуқ тартибот органлари «Конституция ва қонунлардаги моддаларни ҳаётга татбиқ эта бошлагани»ни қайд этган.

«Бизга айтишади: „Бу ўртоқлар у ерда нима учун керак?“ — окоплар қазиш ва истеҳкомлар қуриш. Бунинг учун чиндан ҳам кучли ишчи қўллар керак. Улар бугунги кунда бизнинг фронт ортидаги бўлинмаларимиз сафларини тўлдиришган», — деган Тергов қўмитаси раҳбари.

Ўз чиқиши чоғида Бастрикин Россиядаги миграция сиёсатини ўзгартиришни таклиф этган: «Менимча, энг асосийси — Россия миграция сиёсатини ўзгартириш, зарур нарсаларни аниқ асослаб олиш, умуман, ички ресурслар билан ўз сиёсий, иқтисодий, миллий ва бошқа муаммоларни ҳал қилишимиз керак», — деган у.

Бастрикиннинг сўзларига кўра, мигрантларни жалб этишда миллий хавфсизлик масалаларига эътибор қаратиш лозим. «Совет ўтмиши тажрибасидан фойдаланган ҳолда ватандошларга муносиб даражада кафолатлар берадиган ички миграция фаолияти механизмини ишлаб чиқиш зарур», — дея қўшимча қилган Тергов қўмитаси раиси.

  • Россия ҳуқуқ-тартибот органлари мунтазам равишда меҳнат мигрантлари ишловчи корхоналарда рейдлар уюштириб келмоқда. Уларга чақирув қоғозлари топширилмоқда ёки ҳарбий комиссариатларга олиб кетилмоқда. РФ фуқаролигига эга бўлмаган мигрантларга эса, агар улар мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолайдиган бўлса, Россия паспортини тезлаштирилган тартибда бериш ваъда қилинмоқда.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид