Ўзбекистон | 20:00 / 29.06.2024
20615
11 дақиқада ўқилади

Камайган абитуриентлар, Жиззахда илк электрокарлар ва об-ҳаво синовидаги энерготизим — ҳафта дайжести

Ёшлар орасида олий таълимга қизиқиш йилдан йилга пасайяпти. Жиззахдаги BYD заводида илк электромобиллар тайёр бўлди. АЭС қурилиши бўйича шартнома кучга кириб бўлганидан кейин, энди жамоатчилик фикри ўрганилиши айтилди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Абитуриентлар сони сезиларли камайди

Ўзбекистонда олий таълим олишга қизиқиш билдираётган ёшлар сони йилдан йилга камайяпти. Бу йил олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул учун жами 894 минг абитуриент рўйхатдан ўтди. Бу ўтган йилги абитуриентлар сонидан 14 фоизга, икки йил олдинги кўрсаткичдан эса 36 фоизга кам. Таққослаш учун, бу борада рекорд ўрнатилган 2020 йили 1,5 миллион ёшлар, яъни 2024 йилга қараганда 66 фоизга кўп абитуриент ўқишга ҳужжат топширганди.

Бу рақамларга қўшимча тарзда, мактаб битирувчилари ва умуман 30 ёшгача бўлган аҳоли сони йилдан йилга сезиларли ошиб бораётганини инобатга олсак, Ўзбекистонда олий таълим олишга қизиқиш сўняпти деб бемалол дейиш мумкин. ChatGPT сунъий интеллектининг фикрича, ривожланаётган мамлакатларда талаба бўлишга даъвогар ёшлар сонининг камайиши аввало иқтисодий омилларга боғлиқ бўлади. Бу – оилаларнинг контракт тўлашга қурби етмаслиги, меҳнат бозорига эртароқ кириб келиш олий таълим олишдан кўра афзалроқ бўлиб қолиши, таълим сифати эса жозибали эмаслиги каби омиллар бўлиши мумкин.

Тадқиқотларда иқтисодий ўсишнинг тезлашиши ва олий таълимга бўлган талабнинг ортиши ўртасида кучли боғлиқлик борлиги аниқланган. Аксинча ҳолатда эса, иқтисодий ўсиш секинлашиши натижасида олий маълумотли бўлишга қизиқиш сусаяди, бу эса мамлакатдаги инсон капиталининг сифатини тушириб, иқтисодий ўсишни баттар секинлаштирувчи омилга айланиши мумкин.

Ёшлар куни арафасида улар учун янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июн – Ёшлар куни арафасида ёшлар билан учрашиб, улар учун таълимда янги имкониятлар очилиши ҳақида эълон қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳлар қошидаги 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-level” дастурлари жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

Ҳозирда чет элда ўқимоқчи бўлган ёшлар математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “SAT” имтиҳонини топширяпти. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар хориждаги энг нуфузли олийгоҳларга грант ютяпти. “Энди бундай ёшларни ўзимизнинг олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз”, деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, эндиликда олийгоҳларнинг 1- ва 2-курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлашади. Техникумнинг 1- ва 2-йилини яхши ўқиган ёшларга диплом берилади ва улар ўқишини олий таълимда, 2- ёки 3-курсдан бошлаб, контракт асосида давом эттириши мумкин бўлади. Ишлаётган ёшлар эса 2 йиллик стаж тўплаганидан кейин, иш берувчининг тавсияси билан, олийгоҳга контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Бундан ташқари, IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT-парк резиденти мақоми берилиб, улар 3 йил муддатга барча солиқлардан озод этилиши эълон қилинди.

Ёз жазирамаси энерготизимни синовдан ўтказмоқда

IT, таълим ва умуман ҳар қандай соҳани базавий шарт-шароит – электр энергиясисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ёзнинг жазирама қуёши остида ўтган ҳафтадан триллионлаб маблағ ажратилаётган энергетика тизими “5” баҳо билан ўтди деб бўлмайди. Ҳатто пойтахт Тошкентнинг марказий нуқталарида ҳам яна соатлаб электр узилишлари рўй берди. Ва бундай узилишлар ёз охиригача давом этиши эҳтимоли йўқ эмас: “Ўзгидромет” прогнозига кўра, июл ойида ва август ойининг бошида аномал иссиқ кузатилиши мумкин.

Синоптикларнинг маълум қилишича, пайшанба куни Тошкентда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кўп йиллик меъёрдан 6 даража юқори бўлган, лекин бу ҳали аномал кўрсаткич эмас. Темирйўлчилар эса бу фикрга қўшилмайди. “Ўзтемирйўлйўловчи” компаниясининг фикрича, республикамиз ҳудудида “кескин аномал иссиқ” об-ҳаво кузатилмоқда. Бундай шароитда темирйўл релслари қизиб кетади, шу сабабли ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида поездлар тезлигини секинлаштиришга қарор қилинган. Натижада рейслар қатнов графигидан кечикиши, поездлардаги кондиционерларнинг иш қуввати пасайиши мумкин. Хуллас, поездга чиқадиган бўлсангиз, ўзингиз билан елпиғич ёки мини-вентилятор олинг.

Энергетика мавзусига қайтсак. Табиий газ ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми камайгани ҳақида ўтган ҳафта хабар берган эдик. 27 июн куни Энергетика вазирлиги Статистика агентлиги берган бу маълумотларнинг айримларини рад этиб чиқди. Вазирликка кўра, май ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми камаймаган, аксинча, 5,8 фоизга ошган. Шу билан бирга, ўтган ойда истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси миқдори ўтган йилнинг майига қараганда 5,7 фоизга камайган. Расмий изоҳга кўра, истеъмолнинг камайишига тарифлар ошгани, натижада аҳоли электрдан тежамкорлик билан фойдаланишига ўтгани сабаб бўлган.

Табиий газ қазиб чиқаришдаги пасайиш эса Қандим газни қайта ишлаш заводи ва Жарқудуқ газни комплекс тайёрлаш қурилмасидаги режавий таъмирлаш ишлари ва бошқа технологик сабаблар билан изоҳланди. Агар бу изоҳга ишонсак, завод ва қурилмадаги таъмирлаш ишлари тугаганидан кейин, газ қазиб чиқариш яна аввалги ҳолатига қайтиши керак. Жиддийроқ айтганда эса, йиллар давомида ортга қайтмасдек кўриниш олган тенденцияни шунчаки 1-2 та қурилмани таъмирлаб қўйиш билангина тўхтатиб бўлишига, албатта, ишониш қийин.

Газ қазиб олиш камайиши фонида, чоршанба куни Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда кам қувватли АЭС қуриш бўйича имзоланган шартнома кучга кирди. Шу куни Жиззах вилоятидаги танланган майдонда “Росатом” вакиллари иштирокида қурилиш ишларини бошлаш учун штаб ташкил этилди. Бу ерда узоқ йиллар давом этадиган қурилиш жараёни учун, аввалига зарур инфратузилма ва қурувчилар шаҳарчаси барпо этилади.

Фориш туманида қурилиши бошланаётган АЭС Марказий Осиёдаги ягона атом станцияси бўлмаслиги мумкин. Шу ҳафта журналистлар билан учрашган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда АЭС қуриш масаласи шу йил кузда референдумда овозга қўйилишини айтди. Ўзбекистонда эса референдум бўлмаса-да, жамоатчилик муҳокамалари ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги директорининг маслаҳатчиси Қосим Тўхтахунов маълум қилди.

“Референдум масаласига келсак... Конституциямизга кўра, бу масалалар бўйича референдум ўтказишга ҳожат йўқ, лекин биз табиий равишда жойларда жамоатчилик муҳокамаларини ўтказамиз”, – деди “Ўзатом” расмийси.

BYD Uzbekistan'нинг илк электромобиллари тайёр

Жиззахдаги BYD Uzbekistan заводида йиғилган электромобилларнинг энг биринчилари харидорларга етказиб беришга тайёр. 27 июн куни бу вилоятга борган президент Шавкат Мирзиёев Chazor ва Song Plus Champion русумли илк электромобилларда дастхат қолдирди. Шу ерда давлат раҳбарига маҳаллийлаштириш бўйича режалар тақдимот қилинди.

Расмий хабарга кўра, лойиҳанинг ҳозирги биринчи босқичида завод йилига 50 минг дона электромобил ишлаб чиқариш қувватига эга. Сўнгги учинчи босқичда бу кўрсаткични ярим миллионтага етказиш кўзда тутилган. Бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш ишлари бампер, ойна, лак-буёқ, пластик қисмлардан бошланиши кутиляпти. Кейинчалик электромобилнинг асосий қисми бўлмиш аккумулятор ва электр двигател, алюминий қисмлар, шиналар ва ўриндиқларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришга ўтилиши айтилмоқда.

Хитойлик инвесторларнинг BYD импортини чеклаш бўйича йўллаган сўровига Ўзбекистон ҳукуматининг жавоби қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас. Аввалроқ бу борада 1 июлгача таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган эди. Бу ҳолатда чекловнинг нотариф характерда бўлиши эҳтимоли, қолаверса, гап фақат BYD бренди остидаги автомобиллар ҳақида кетаётганидан келиб чиқилса, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳам бу чекловга қарши чора бўла олмайди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қонунчилик палатаси чет эл фуқароларини номақбул деб топувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, чет эл фуқаролари Ўзбекистоннинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, адоват қўзғатувчи, халқ шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи нутқ ва ҳаракатлари учун Ўзбекистонга кириши тақиқланади, агар мамлакатда бўлса, депортация қилинади. Учта ўқишдан ўтган ҳужжат Сенатга юборилди.

Ҳовли уйлардан иборат маҳаллаларда сервис компаниялари ташкил этиладиган бўлди. Президент ҳузуридаги тақдимотда айтилишича, сервис компаниялари тажриба тариқасида 208 та маҳаллада ташкил этилади. Улар кўчалар ва ариқларни ободонлаштиради, кўчат экиб, парваришлайди, шартнома асосида коммунал тармоқларни таъмирлаш, чиқиндиларни саралаш ва ташиш хизматларини кўрсатади. Сервис компанияларини ёллаш учун маҳаллаларга ҳар ойда 20 млн сўмдан маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Фарғонада Lacetti'нинг газбаллони портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Воқеа Риштон туманида 27 июн куни рўй берган. 52 ёшли ҳайдовчи машинасини туман марказидаги деҳқон бозори ҳудудига тўхтатиб, бозорга кириб кетган вақтида, машинага ўрнатилган газбаллон портлаб кетган. Оқибатда шу атрофда бўлган фуқаролардан бири жароҳатланиб, тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

“Менинг боғим” лойиҳасида яшил жамоат боғларини ташкил этиш бўйича ташаббусларга овоз бериш бошланди. Ўзбекистонликлар 6 июл соат 10:00 гача “Очиқ бюджет” порталидаги 738 та ташаббусдан бирини қўллаб-қувватлаши мумкин. Энг кўп овоз тўплаган 200 дан ортиқ ташаббус ғолиб деб топилади ва кўрсатилган манзилда яшил боғ ташкил этиш ишлари бошланади. Бу йилги биринчи мавсумда лойиҳага жами 52 млрд сўм, ҳар бир ғолиб ташаббусга эса 250 млн сўмгача маблағ ажратилган.

Оғир шароитга тушиб қолган муҳтож қизлар вақтинчалик бепул уй билан таъминланади. Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашувда маълум қилишича, оғир шароитга тушиб қолган, уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Қизлар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар, бу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади. Бундан ташқари, 3 ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Бекободда ички ишлар биносидаги ўлим ҳолати бўйича бир ходим қамоққа олинди. Гумондорнинг шахси ва лавозими очиқланмаяпти, жами неча нафар ички ишлар ходими терговга жалб этилгани ҳам маълум эмас. Марҳумнинг акаси Kun.uz билан суҳбатда укасини ички ишлар ходимлари 5-6 киши бўлиб дўппослаганини айтди. Ҳафта давомида, шунингдек, Фарғонада соғлом одам руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани ҳам фаолларнинг хавотирига сабаб бўлди. Ҳолат учун шифокорга ҳайфсан берилган.

Мавзуга оид