18:01 / 26.06.2024
21270

Бекободда ИИБ биносидаги ўлим ҳолати бўйича бир ходим қамоққа олинди

Бекобод шаҳри ИИБ биносида вафот этган фуқаро иши доирасида бир нафар ички ишлар ходими қамоққа олинган. Марҳумнинг акаси Kun.uz’га берган интервюсида укасини ўз кўзи олдида ИИБнинг бир неча ходими калтаклаганини айтганди.

Фото: Kun.uz

Бекобод шаҳри ИИБ биносида фуқаронинг вафот этгани ҳолати бўйича бир нафар ИИБ ходими қамоққа олинган. Буни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

Kun.uz’га интервью берган марҳумнинг акаси укасини ИИБ ходимлари унинг кўзи олдида калтаклаб ўлдирганини таъкидлаган эди.

Аслида нима бўлганди?

Жорий йилнинг 19 июн куни Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, 43 ва 46 ёшли ака-ука қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспектори томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

43 яшар фуқаро Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилганда вафот этгани аниқлангани қайд этилган.

Кўз ўнгимда калтаклаб ўлдиришди”

Воқеа иштирокчиси Дилмурод Юсупвалиев Kun.uz’га берган интервьюсида марҳум укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини айтган.

“Биттаси менинг ҳам шимимдан ушлаб олган. Ёш бола эмасман, қўйиб юбор, дедим. Ички ишлар бўлимига бирга кетдик. Дарвозасидан киришим билан учта ходим менинг ҳам қўлимни қайириб олиб кирди.

Иккитаси укамнинг қўлини қайириб турди. Биттаси дубинка билан урди, биттаси қорнига тепди, яна биттаси орқасидан урди. Кейин укам йиқилди. Тез ёрдам чақиринглар, мазам қочяпти, деди. Шу вақтда мени ҳам уришди, йиқилдим. Тез ёрдам чақиринглар, мазаси бўлмаяпти, дедим, шу пайт биттаси дубинка билан қулоғимга урди. Укамни 5-6 киши бўлиб яна уриб тепа бошлади, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Учтаси оёғининг учи билан, биттаси оёғининг таги билан тепаверди. “Ноловка” деган хонанинг эшиги ёнида уришди”, деган у.

Ҳолат назоратга олингани айтилди

Расмийларга кўра, фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсман томонидан Бош прокуратурага назорат хати юборилган ва унда ҳолат қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатлари очиқ ва адолатли суриштирилишини таъминлаш сўралган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг хабар беришича, ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган. Гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилмоқда.

“Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар, фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчилари, шу жумладан, ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади”, дея таъкидлаганди Шохруҳ Ғиёсов.  

Top