Telegram асосчиси Павел Дуров Ўзбекистонга бир неча кунлик ташрифи бўйича таассуротларини ўртоқлашди. У мамлакат ўзига жуда ёққанини билдирган ва сафар давомида олган фотосуратларини бўлишган.

«Ўзбекистонда Telegram’ни яхши кўришади: мамлакатнинг 37 миллионлик аҳолисидан 70 фоиздан ортиғи Telegram’дан фойдаланади ва уларнинг бутун иқтисодиёти бизнинг платформамиз билан боғлиқ (мамлакатдаги ҳар бир бизнес тармоғида Telegram-бот ёки канал мавжуд). Биз бу машҳурликдан фахрланамиз ва бунга жавобан Ўзбекистонга севгимизни изҳор қиламиз», — деган Дуров.

У тез ривожланаётган Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси, Ўзбекистон шарқидаги тоғли ландшафтлар ҳамда Бухоро ва Самарқанднинг бой тарихи ўзини ҳайратга солганини билдирган.

«Мен жуда кўп ёш ва иқтидорли, қалби қайноқ инсонларни учратдим. Мен илиқ қабулдан мамнунман ва умид қиламанки, йил охирида қуёшли Тошкентга яна келаман», — дея ёзган у.

Бироз олдинроқ Марказий Осиё MMA конфедерацияси президенти Отабек Умаров Тошкентда Павел Дуров билан учрашгани ҳақида хабар берганди.