15:26 / 02.07.2024
11802

Орбан Киевга келди. Бу унинг уруш бошидан буён илк ташрифи

ЕИнинг ундан бошқа барча мамлакатлари раҳбарлари Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин Киевга келганди.

Фото: EPA

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украина президенти Володимир Зеленский билан музокаралар ўтказиш мақсадида Киевга ташриф буюрди. Украинага ғарбнинг ҳарбий ёрдамини танқид қилиши билан танилган венгрлар етакчисининг сафари уруш бошланганидан буён биринчиси бўлмоқда, бу сафар Венгрия Европа Иттифоқи кенгаши раислигини қабул қилиб олганининг кейинги кунида амалга оширилди.

Орбаннинг матбуот хизмати раҳбари Берталан Ҳаваши Magyar Nemzet газетасига маълум қилишича, Зеленский ва Орбан урушни якунлаш истиқболларини муҳокама этишади.

«Муҳокамаларнинг энг муҳим мавзуси — тинчликка эришиш имкониятидир. Виктор Орбан ва Володимир Зеленский Венгрия-Украинанинг иккитомонлама муносабатларидаги долзарб масалаларни ҳам муҳокама этишади», — дея Ҳавашининг сўзларини келтирган «Интерфакс-Украина» агентлиги.

Орбаннинг Киевга келиши ҳақида душанба куни биринчи бўлиб Британиянинг Financial Times ва Guardian газеталари аноним манбаларга таяниб хабар қилганди.

Ушбу нашрлар маълумотига кўра, Украина ўзининг ЕИга аъзолиги музокаралар бошланишига венгрлар томонидан қўйилган вето бекор қилиниши эвазига Карпатортида озчиликни ташкил этувчи венгрларнинг алоҳида ҳуқуқи масаласида ён берганидан кейин Орбан Киевга ташриф буюриш бўйича қарор қабул қилган.

1 июлдан Венгрия ярим йил муддатга ЕИга раислик қилувчи мамлакатга айланди, аммо Киевдаги суҳбатдошнинг Guardian нашрига айтишича, ҳозирча Орбан Украинага ким бўлиб келгани маъум эмас: ўз мамлакати бош вазири сифатидами ёки ЕИ раиси сифатида. «Бу ерда [ЕИ ва Будапешт манфаатлари ўртасида] зиддият борлиги аниқ», — деган газета суҳбатдоши.

Орбан Европада Россия президенти Владимир Путин билан алоқаларни сақлаб қолаётган ягона давлат раҳбари бўлиб турибди. ЕИнинг бошқа барча мамлакатлари раҳбарлари Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин Киевга келганди.

У шунингдек Украинага ёрдамга қарши чиққан ва яқинда ЕИнинг Киевга кенг кўламли молиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарорини блоклаганди. Евроиттифоқнинг бошқа етакчилари махсус саммитда Орбанга унинг бу борадаги позициясини қабул қилиб бўлмаслигини билдиришганидан кейингина Венгрия ўз ветосини олишга рози бўлганди.

Орбан шунингдек НАТОнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда фаолроқ бўлиш борасидаги қарорига ҳам қарши чиққан. Алянс Киевга ёрдам дастурини Венгрия ўз вакиллари унда иштирок этмаслигига кафолат олганидан кейингина маъқуллай олганди.

Май ойи ўрталарида Зеленский ва Орбан телефон мулоқоти ўтказганди, Украина президенти бу суҳбат давомли ва пухта ўтганини айтган.

Ёзда Венгрия Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши бўйича музокаралар бошланишига эътирозларини ҳам қайтариб олганди. Украина матбуотига кўра, бунга жавобан Киев мамлакат ҳудудида яшовчи венгрларнинг ҳолати бўйича ён беришга рози бўлган.

«Украинская правда» нашри ёзишича, гап Будапештнинг мактаб ўқувчиларига дарс беришда венгр тилидан фойдаланиш ҳамда этник венгрлар яшовчи ҳудуднинг алоҳида мақомига оид 11 талаби ҳақида бормоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top